Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғни миналардан тозалашни бошлади

Олам

image

Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларни миналардан тозалаш ишларини давом эттиряпти. Бу ҳақда “РИА Новости” Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 23 ноябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасида тинчликпавар кучлари ҳудудларни миналардан тозалаш ишларини бошлади.

“Россия муҳандислик бўлинмалари тинчликпарварлик кузатув пунктлари ва жамоат йўллари орқали ҳаракатланиш маршрутида муҳандислик разведкаси ва миналардан тозалаш бўйича вазифаларни бажаради”, дейилади хабарда.

Россия Мудофаа вазирлиги топилган ўқ-дорилар ва портловчи буюмлар полигонга олиб борилиб, ўша ерда портлатилишини маълум қилди. Эвакуация қилиб бўлмайдиган ўқ-дорилар жойида йўқ қилинади.

“Портловчи моддаларнинг мавжудлигини аниқлаш бўйича ҳудудларни ўрганиш ишларининг босқичларидан бири бу Россия тинчликпарвар кучлари хизмат қилиши учун стационар постлар қуриладиган позицияларни ўрганишдир”, деб хабар беради Россия ҳарбий департаменти.

Қўшимча қилинишича, миналардан тозалашда иштирок этаётган ҳарбийлар замонавий ҳимоя сапёр костюмлари билан таъминланган ва портловчи моддаларни қидиришнинг замонавий воситалари билан қуролланган.

Жорий йилнинг 27 сентябрида Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини 1980 йилларнинг охиридан бери давом этиб келаётган можарони авж олдиришда айблади. Иккала томон ҳам тўлиқ ёки қисман сафарбарлик эълон қилди ва жанглар бошланди. Бир ярим ой ичида томонлар ўт очишни тўхтатиш учун учта муваффақиятсиз уринишни амалга оширдилар.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Умиджон Нозимжонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг