Роналду: “Ортиқ жим туролмайман!”

Спорт 31108
image

Италиянинг “Ювентус” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоадан кетиб, “Реал”га қайтиши борасидаги барча миш-мишларга Instagram’даги шахсий саҳифаси орқали ойдинлик киритди. Ўз баёнотида, Роналду клубни тарк этмаслигини маълум қилган. 

“Мени яхши танийдиганлар ишимга қандай масъулият билан ёндашишимни ҳам билишади. Фаолиятим бошидан буён камроқ гапириб, кўпроқ ишлашга ҳаракат қилиб келаман. Бироқ, атрофимда ҳар хил гаплар кўпайиб бораётган бир вақтда бу борада ўз позициямни билдирсам.

Менинг “Реал”даги тарихим кўплаб совринлар, рекордлар ва катта ҳарфлар билан тарихга ёзилди. Уларни “Сантьяго Бернабеу”да кўришингиз мумкин. 9 йил давомида эришган ҳурматимни ҳозиргача ҳис қиламан. Ҳақиқий “Реал” мухлислари мени юракларида сақлаб қолганларини биламан. 

Менинг номимни турли лигалардаги ҳар хил клублар билан боғлаб чиқишмоқда ва ҳеч ким аслида ҳақиқат нимада эканини суриштиргиси келмайди. Мен ортиқ жим туролмайман! Чунки номимни ҳар хил ёлғон хабарлар билан боғлашларига йўл қўя олмайман. Мен доимгидек ўз ишимга шўнғиганман ва олдиндаги барча чорловларга тайёрман. Қолган ҳаммаси – шунчаки гап”, деб ёзади Роналду ўз саҳифасида.

Охирги вақтларда Карло Анчелотти Роналдуни Мадридга қайтармоқчи экани ҳақида хабарлар кўпайди. Шунингдек, Роналду ПСЖ ва МЮга ўтиши ҳақида гап-сўзлар ҳам чиқиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 2018 йилда “Реал”дан “Ювентус”га 100 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1651
Рейтинг: 3
t
×