РФдаги элчихона аэропортда қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳаво, автомобиль ва темир йўл алоқаси тўхтатилгани сабабли РФдаги ўзбекистонликлар уйига қайтолмай қолди. Ижтимоий тармоқларда Москвадаги “Внуково” ва “Шереметьево” халқаро аэропортларида ўзбекистонликлар қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси аэропортда қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, элчихона томонидан “Внуково” аэропорти раҳбарияти билан ўтказилган музокалар натижасида ўзбекистонликларнинг вақтинча қолиши учун “B” терминали ажратилди. Бу ерда зарур шароитлар яратилган бўлиб, жумладан, тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган. 

“Қатор суҳбатларга қарамай, фуқароларимиз махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон “Внуково” аэропортида рўйхатдан ўтиш нуқтасида қолмоқдалар. Шу ўринда юртдошларимиздан, мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, иложи боричо тезроқ “В” терминалга ўтишларини сўраб қолар эдик”, дейилган элчихона хабарида.

Элчихона “Шереметьево” аеропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган ҳамда ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орали учиб келган Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш бўйича музокараларни олиб бораётир. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ўзбекистонликларни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда.

“Яна бир бор Россия ҳудудидаги ватандошларимизни хотиржамликка чорлаб, имкон қадар, эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда доимий/вақтинчалик яшаш жойини тарк етмасликларини сўраб қоламиз”, дейди элчихона.

Эслатиб ўтамизки, 2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари бўлган жойга энг яқин Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари жоиздир.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант коронавирус

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг