Равшан Эрматов нега айнан Катанец МТЖга бош мураббий бўлганини айтди

Спорт 7525
image

Айни дамда ЎФА мажлислар залида Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи Сречко Катанец билан илк матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Анжуманда сўзга чиққан ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов бош мураббий тайинлашда эътибор қаратилган жиҳатлар хусусида сўз юритди.

“Хуш келибсиз, ўзбек футболининг асосий жонкуярларига алангали салом. Аввало, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийини тайинлаш учун жуда кўп изланиш олиб борганимизни алоҳида таъкидлашимиз лозим. Мураббийлар ва фахрийлар кенгаши доирасида 30 дан ортиқ мураббийни кўриб чиқдик. Улар орасида катта мураббийлар ҳам бор эди. 

Шундан сўнг, ЎФА вице-президенти бош мураббий танлаш учун қўйилган критериялар ҳақида сўз юритди.

“Аммо мураббийлар кенгаши бизга аниқ критерияни айтиб ўтди: терма жамоада ишлаш бўйича тажрибаси бўлиши ва Европа футболини яхши билиши керак. Яна бир критерия Ўзбекистонда ишлашга хоҳиши ва буни чин дилдан исташи, юртимизга келгач шу мамлакат “фарзанди”га айланиб кетиши керак. Бош мураббий доимий равишда Ўзбекистонда яшаши ва барча лигаларимиз ўйинларини кузатиб уни таҳлил қилиши керак. Бу асосий талаблардан бири. Футболга замонавий ёндашиши, технологиялардан фойдаланишни билиши ҳам керак. Мураббийнинг характери ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этарди. Бундан ташқари, у чет тилларини ҳам билиши керак эди. Ёши жиҳатидан ҳам ўртача бўлиши керак”, дейди Равшан Эрматов.

Таъкидланишича, дастлабки рўйхатдаги 30 нафар мураббийдан Ўзбекистон талабларига мос атиги 4-5 нафари қолган.

“Танловда инсоннинг ишлашга бўлган лоқайдлиги ҳам инобатга олинди. Моддий томони, мураббийнинг ўз штаби бўлиши, у штабда тажрибали мутахассислар бор ёки йўқлигига ҳам эътибор каратдик. Мана шу критерияларга мос 4-5 нафар мураббийлар қолди. Улар орасидан словениялик Сречко Катанецни танладик. У юртимизга келиб дарҳол стадионларга бориб кўрди ва ҳатто, машғулотларга ҳам борди”, дейди Равшан Эрматов.

Маълумот учун, Катанец Ўзбекистон терма жамоасидан аввал Ироқ термасида бош мураббийлик қилган. У Ўзбекистон терма жамоаси билан 2025 йилгача мўлжалланган шартномага имзо чекди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 269
Рейтинг: 3
t
×