Расман: “Сардоба фожиаси”да оддий аҳоли ҳам қурбон бўлгани тан олинди

Жамият

image

2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Сардоба” сув омбори ёрилиши оқибатида биргина ушбу туманда истиқомат қилувчи 3 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Сардоба тумани Фавқуллодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ғиёс Бобоев QALAMPIR.UZ’нинг Сардоба марафони жонли эфир мулоқотида маълум қилди. 

“Сув тошқинида турли тақдирларга дуч келдим. Ҳатто, боласини бешик билан кўтариб, қочганлар бор эди”, дейди Бобоев.

Ғиёс Бобоев тошқин қурбонлари ҳақида гапириб, ҳали фарзандининг роҳатини кўришга улгурмаган 30-35 ёшлардаги аёл кўзи ўнгида сувга ғарқ бўлганини сўзлаб берди.

“Сув тошқини юз беришини тасаввуримизга сиғдиролмасдик. Очиқ майдонда сув йўлида учраган нарсани олиб кетяпти. Одамларни ҳам олиб кетди. “Қўрғонтепа” маҳалласида аҳолини эвакуация қилиш жараёнида ҳаммани олиб чиқиб кетдик. Фақатгина бир аёл сувда қолиб кетди. Биз қўлдан келганча уни сувдан чиқаришга ҳаракат қилдик. Аммо девор ўпирилиши натижасида аёл сувнинг оқим кучли қисмига сурилиб, кўз олдимизда оқиб кетди. Аёл тахминан 30-35 ёшларда эди”, дея ўзи гувоҳи бўлган машъум воқеани айтиб берди Бобоев.

Туман ФВБ бошлиғининг сўзларига кўра, Сардобада тошқин натижасида 3 киши ҳалок бўлди. Офат жами 6 кишини ҳаётдан олиб кетди. Бедарак йўқолганлар бўлмаган. 

“Менинг ҳудудимда 3 та ўлим қайд этилган. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан ўша жасадлар сувдан олиб чиқилиб, шахсини аниқлаш учун ички ишлар ва прокуратура органларига топширилди. Аммо Миразобод туманида Миллий гвардия ходимининг жасади топилмади”, дейди Ғиёс Бобоев.

У сўзида давом этиб, тошқиндан кейинги тушкун вазиятни эслаб, аҳолини уйига олиб кириш ҳам оғир жараён бўлганини айтиб ўтди.

“Сув тошқинидан кейин ҳар бир фуқарони вайрон бўлган уйига олиб киришнинг ўзи оғир эди. Уларнинг қўрқувини тасаввур қилиш қийин. Сув секин-аста ўзанига қайтганидан кейин ҳар бир фуқаро ўз уйига талпинади. 5-6 нафар фарзанди бор оталар “энди қаерда жон сақлайман, нима қиламан, эмизикли болам бор”, деяпти. Фуқаронинг саволларига жавоб беришнинг ўзи оғир эди. Уй топиб бер дейдиган фуқаролар ҳам бўлди”, дея тошқиндан кейинги ақлбовар қилмас вазиятни тасвирлади Бобоев.

Шу ўринда қайд этиш керакки, расмий маълумотларга кўра, "Сардоба фожиаси"да бир нафар Миллий гвардия ходими чўкиб кетиб, вафот этган. Яна бири эса сувга оқиб кетган, аммо унинг жасади топилмаган. Оддий фуқаролар вафот этгани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса бир йил олдин “Сардоба” сув омбори ёрилиб, Сирдарёнинг уч тумани, шунингдек қўшни Қозоғистон ҳудудини ҳам сув босганди. “Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди.

Мазкур тошқин юзасидан ДХХ томонидан жиноят иши очилиб, 17 киши гумондор сифатида кўрилмоқа. Ҳозирда жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

сув омбори Сардоба тошқин

Баҳолаганлар

503

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг