Расман: Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинади

Жамият

image

Ўзбекистонда судларнинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланган Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилиниши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида гапирган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов, Олий суд кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев бир ой муддатда илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида, суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги белгиланди. 

Бунда туман (шаҳар) ва вилоят судлари ҳамда Олий суд ваколатларини аниқ чегаралаб қўйилади. Энди туман (шаҳар)да ишлар фақат биринчи босқичда, вилоятда – апелляция, Олий судда эса, кассация шаклида кўрилади.

Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади. 

“Судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш мақсадга мувофиқ. Парламентимиз палаталари (Танзила Норбоева, Нурдинжон Исмоилов) бир ой муддатда ушбу таклифни кўриб чиқсин”, дейди Президент Мирзиёев.

Йиғилишда таъкидланишича, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.

Айниқса, Тошкент (76 фоиз, Д.Таджибаев, 2017 йил июндан раис) ва Фарғона (69 фоиз, М.Туланов, 2018 йил ноябрдан) вилоятлари жиноят судлари, Самарқанд (41 фоиз, Б.Норов, 2018 йил майдан) ва Қашқадарё (23 фоиз, О.Мелиев, 2016 йил июлдан) вилоятлари фуқаролик судлари, Бухоро (84 фоиз, С.Рўзиев, 2017 йил сентябрдан) ва Хоразм (71 фоиз, У.Расулбердиев, 2018 йил ноябрдан) вилоятлари маъмурий судлари, Тошкент шаҳри (28 фоиз, Л.Абдуллаев, 2017 йил сентябрдан) ва Қорақалпоғистон Республикаси (78 фоиз, Г.Зарипова, 2019 йил декабрдан) иқтисодий судлари устидан шикоятлар кўпайган.

Ёки, ўтган йили иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон ва Жиззахда – 53 фоиз, Тошкент шаҳри, Андижон ва Навоийда – 47 фоиз, Бухорода – 46 фоизни ташкил этган. 

“Бу – ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Судларимиз чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозим. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани ҳам сир эмас. Бу қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказади”, дейди Президент. 

Шавкат Мирзиёев нутқида давом этаркан, Олий суд раиси Козимжон Комилов ва Содиқовга йил якунигача суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий этишни буюрди. 

“Токи, одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топсин”, дейди Президент. 

Олий суд раисининг ўринбосарлари Муслимов, Ёдгоров, Б.Исоқов бириктирилган соҳалари бўйича суд амалиётини таҳлил қилиб, ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида адолатли суд қарорлари қабул қилинаётганини халққа тушунтириш ва етказиш тизимини йўлга қўйиши лозим. 

Президент “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, дея алоҳида урғулади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

167

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг