Раҳмон дунё давлатларини Афғонистонни ёлғиз қолдирмасликка чақирди

Олам

image

Дунё Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этиши ва бу давлатни ёлғиз қолдирмаслиги керак. Бу ҳақда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтган.

"Томонлар қўшни Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашдилар. Давлат раҳбари халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг узоқ вақтдан бери азоб чекаётган халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этиши ва уларни ҳозирги оғир шароитда ёлғиз қолдирмаслиги зарурлигини таъкидлади", дейилади давлат раҳбари Матбуот хизмати хабарида. 

Тожикистон томони ушбу жараёнга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга, жумладан, бундай ёрдам кўрсатиш учун мамлакатнинг моддий-техник имкониятларини тақдим этишга тайёрлиги билдирган.

Раҳмон БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссиясининг муҳим ролини қайд этиб, ташкилот ва унинг тегишли тузилмалари афғон муаммосига бундан кейин ҳам зарур эътибор қаратишига умид билдирган.

Шунингдек, Имомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 76-сессияси раиси Абдулла Шаҳид билан учрашувда Тожикистон Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун ўз имкониятларидан кенг фойдаланишга тайёрлигини маълум қилган. 

Бундан ташқари, томонлар терроризм ва экстремизм, наркотрафик ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашда БМТ давлатлари ўртасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг