Раҳмон тожик-афғон чегарасига 20 минг қўшин юборди

Олам

image_2021-07-05_21-05-53
Дунё АҚШ мағлубиятидан сўзламоқда. Афғонистон “Толибон”га қолдими? north_east

Дунё АҚШ мағлубиятидан сўзламоқда. Афғонистон “Толибон”га қолдими?

Бугун, 5 июль куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Мудофаа вазири Шерали Мирзога тожик-афғон чегарасини янада мустаҳкамлаш учун 20 минг захира қўшинларини сафарбар этишни буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.

“Давлат раҳбари Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши пайтида 20 минг ҳарбий хизматчини сафарбар қилиш тўғрисида кўрсатма берди”, дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, йиғилишда тожик-афғон давлат чегарасидаги вазиятнинг кескинлашиши муносабати билан чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш ва давлат чегарасини қўриқлашни кучайтириш бўйича чоралар кўриш масаласи муҳокама қилинди.

“Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги сиёсий вазиятнинг кескинлашишини ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбари Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига, куч тузилмалари раҳбарларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хавфсизликни таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўришни буюрди. Давлат чегарасини қўриқлаш мақсадида чегарани қўриқлаш салоҳиятини кучайтириш ва керакли ҳудудларга қўшимча қўшин юбориш бўйича буйруқ берилди”, дейилади хабарда.

Матбуот хизмати Президент Раҳмон чегара салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бир қаторда давлат чегарасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, шу жумладан трансмиллий жиноятчилик, терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдосининг олдини олишга алоҳида эътибор беришни буюрганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Моҳиб толиблар мамлакат шимолида бир қатор ҳудудларни эгаллаб олгани ва олдинга силжишда давом этаётганини айтганди.
 
Қайд этиш керакки, Президент Раҳмоннинг хавотирлари жиддий. У бугунниг ўзида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия давлат раҳбарлари билан телефон орқали суҳбат қилиб, Афғонистон масаласини муҳокама қилган.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 1 май куни АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Америка ва НАТО кучларини Афғонистондан кетишни бошлаганидан бери 50 дан ортиқ туманни ўз назорати остига олган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Бугун, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тожикистон Раҳмон “Толибон” афғон

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг