Коронавирус сабаб дунё бойлари қарийб 140 млрд долларга камбағаллашди

Олам

image

Дунёнинг энг бой 500 кишиси кеча, 24 февраль куни жами 139 млрд доллар йўқотди. Бунга COVID-19 коронавируснинг тарқаиши фонида бозорнинг беқарорлиги сабаб бўлди.

“Bloomberg”нинг ёзишича, бу 2016 йил октябрда агентлик рейтинг юрита бошлаганидан бери бойларнинг энг катта йўқотишга учраши бўлди.

Энг катта зарарни Amazon асосчиси Жефф Безос ва Louis Vuitton Moët Hennessy раҳбари Бернар Арно кўрди. Безос “Bloomberg”нинг миллиардерлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаб туради. Уларнинг ҳар бири 4,6 млрд доллардан кўпроқ маблағ йўқотган. Улардан кейин Inditex компанияси асосчиси Амансио Ортега турибди. У 4 млрд доллар йўқотган. Facebook асосчиси Марк Цукерберг эса 3,4 млрд долларга камбағаллашган.

Маълумот учун, коронавирус туфайли бугун Гонконгдаги биржа савдолари ҳам пасайиш билан бошланган.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 36 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт ваУммонда аниқланди.

Вирусдан бугунгача 2619 киши ҳалок бўлди, 79 561 киши у билан касалланди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Bloomberg вирус

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг