“Qanotchi” ресторани раҳбарияти жавобгарликка тортилди. Шаҳар ҳокимлиги ёлғон баёнот тарқатган

Жамият

image

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевники экани айтиб келинадиган “Qanotchi” ресторани коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан ўрнатилган карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўл билан фаолият юритган. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси хабар бермоқда. 

Ресторан кеча, 10 май куни фаолиятини бошлаганини эълон қилганди. Кейинроқ, ушбу ҳолат бошқа рестораторларнинг эътирозига сабаб бўлаётгани QALAMPIR.UZ сайтида ёритилди. Кўп ўтмай, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ресторан кешилган тартибда тажриба учун очилганини маълум қилиб чиқди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси эса буни рад этмоқда. 

“Тошкент шаҳар Яккасарой туман Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг 2020 йил 9 майдаги билдирги хатига асосан Муқимий ва Қушбеги 1-тор кўчаси 21-уйда жойлашган “GОURMET RESTAURANT” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “QANOTCHI” қаҳвахонаси карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўл билан фаолият юритгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан зудлик билан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар вакилининг 2020 йил 10 майдаги келишуви асосида текширув амалга оширилди.

Текширув давомида Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сонли йиғилиш баёнига зид равишда коронавирус пандемияси даврида рухсат берилмаган фаолият тури билан шуғулланаётгани аниқланиб, ушбу корхонанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. Қаҳвахона раҳбари Агзамов Сардорхўжа Эркиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Яккасарой туман Маъмурий судига киритилмоқда”, дейилади инспекция хабарида.

Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу ресторан тажриба тарқасида иш бошлагани ҳақида маълум қилиб, “Эксперимент доирасида “Qanotchi” ресторани маъмурияти ўз ҳисобидан овқатланиш залини СЭОМ меъёрлари асосида жиҳозлаб, дезинфекция ишларини амалга оширди ва меҳмонларни залда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш ва киритиш бўйича барча белгиланган чораларни ишлаб чиқди.

Батафсил фото- ва видеоҳисобот махсус Комиссияга қарор қабул қилиш учун тақдим қилиниб, унинг асосида умумий овқатланиш масканларини ишга тушириш тартиби белгиланади", дея баёнот берганди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси берган баёнотдан кўриниб турибдики, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган маълумот ёлғон. 

Шу ўринда қулоққа чалинган гаплардан гаплашсак. “Qanotchi” ресторани ташқи муҳитда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевники деб кўриб келинади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларида келтирилишича, рестораннинг таъсисчиси Раҳмон Позилжонов. У бир вақтлар “Akfa media” продюсерлик компаниясига раҳбарлик қилган. Компанияда фаолият юритган хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг акаси. Манбаларга кўра, Ортиқхўжаев ҳам оила аъзолари билан кўп бор ушбу ресторанда меҳмон бўлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Qanotchi

Баҳолаганлар

476

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг