Путин Германия ва Италия раҳбарларига газни нега рублда сотмоқчилигини тушунтирди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Германия канцлери Олаф Шольц ва Италия Бош вазири Марио Драги билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, гап Москванинг газ учун тўловларни рублга ўтказиш қарори ҳақида бўлган.

“Ҳисоб-китоблар тартибига ўзгартиришлар халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда Россия банкининг валюта захиралари Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан музлатилгани сабабли киритилмоқда”, дейилади Кремль хабарида.

Шольц билан суҳбатда Путин бу қарор Россия газининг европалик импортчилари учун шартнома шартларини ёмонлашишига олиб келмаслиги кераклигини таъкидлаган. Томонлар бу масалани икки давлат экспертлари яна муҳокама қилишига келишиб олган.

Россия Президенти Италия Бош вазирига ҳам шундай тушунтиришлар берган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

791

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг