Президентнинг аксилкоррупцион фармони ва қарори лойиҳаси эълон қилинди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди.

Мазкур фармон ва қарор лойиҳалари коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш мақсадида ишлаб чиқилди.

Лойиҳаларда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

1. Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши белгиланиб, унга киритилган шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилмоқда.

Масалан, бундай шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши, мукофотлар билан тақдирланиши, назорат остида бўлган корхоналар акцияларига эгалик қилиши, педагогик фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.

2. 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилмоқда.

Декларация қилиш тизими доирасида:

а) мол-мулкнинг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш шарти фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади;

б) декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади;

в) давлат хизматчиларига хорижда банк хисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

3. Манфаатлар тўқнашуви ҳисобланадиган мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари белгиланиб, уларни амалга ошириш қатъиян тақиқланмоқда.

Масалан, тижорат ташкилотларининг муассиси бўлиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, давлат органининг ишларида учинчи шахсларнинг манфаатларини ноқонуний илгари суриш ва бошқалар.

4. Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда:

а) коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаб, бундай жиноятлар учун жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;

б) декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик ва манфаатлар тўқнашуви учун жиноий жавобгарликни белгилаш.

5. Барча давлат органи ва ташкилотларида кадрлар билан ишлаш тизими, шу жумладан вакант лавозимларни эълон қилиш, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, кадрлар билан ишлаш, хўжалик ишлари, молия-иқтисод бўлинмалари раҳбарлари ва назорат функцияларига эга бўлган бошқа тузилмалар раҳбарлари ҳар 3 йилда мажбурий ротация қилинади.

6. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш мақсадида унга манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритиш ёки уни бекор қилиш бўйича судга даъво киритиш ҳуқуқи берилади.

7. Коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс-назорат) тузилмалари фаолияти барча вазирлик ва идоралар, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган йирик ташкилотлар ва банклар, вилоят ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида йўлга қўйилиши белгиланмоқда.

8. Давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишнинг “ҳалоллик вакцинаси”га асосланган тизими жорий этилмоқда.

Унинг доирасида:

•    давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган йирик ташкилотлар раҳбарларини 3 та гуруҳга булиб ўқитиш йўлга қўйилади;

•    2021 йил 1 октябрга қадар давлат хизматчилари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этишга мўлжалланган anti-corruption.academy электрон ўқув платформаси ишга туширилади.

9. 2021–2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланмоқда.

Дастур назарда тутилаётган вазифаларни манзилли ижро этишни таъминлашга қаратилган 64 та аниқ чора-тадбирлардан иборат.

10. Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида қуйидаги қонунлар тайёрланиши белгиланмоқда:

а) “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги;

б) “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги;

в) “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги;

г) “Учинчи шахсларнинг манфаатларини ноқонуний илгари суришни (лоббистик фаолиятни) чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг