Президентни ҳам ташвишга солаётган семизлик қанчалик хавфли?

Саломатлик

image

Сайёрамиздаги COVID-19 пандемияси сабаб жорий этилган карантин давлатлар ўртасидаги тенгсизликни янада кучайтирди. Дунёнинг қайсидир бурчагида одамлар очликдан қийналаётган бўлса, бошқа томонда семизлик муаммоси авж олмоқда. Семизлик нима? Бу қандай касаллик? Даволаш йўллари борми? Бугунги мулоҳазаларимиз шу ҳақида.

Семизлик – вазннинг ортиши, танадаги ёғ тўқималарининг тўпланиб қолиши билан ўлчанадиган касаллик. Семизлик ортиқча калорияли овқатлар истеъмол қилиш ва ҳаракатсизлик натижасида келиб чиқади. Касалликнинг асосий белгиси – нормадаги тана вазни 20 фоиздан ошиб кетади. Касалликка углеводга бой, тез тайёр бўладиган овқатларни кўп истеъмол қилиш, миянинг гормонлар ишлаб чиқариш функциясининг бузилиши ва организмдаги безлар фаолиятининг ўзгариши сабаб бўлиши мумкин.

Ривожланган мамлакатларда кафе, бар, ошхона каби умумий овқатланиш шохобчалари йил сайин ортиб бормоқда. Одамлар ҳам тез тайёр бўладиган овқатларни маъқул кўриши сир эмас. Қолаверса, глобал иқлим ўзгариши табиий маҳсулотлар сифатига ҳам таъсир кўрсатяпти. Бу ҳам ўз-ўзидан саломатлик билан боғлиқ муаммоларни кучайишига олиб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин бир неча ўн йилликда ортиқча вазн муаммоси инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 45 фоизи семириб кетиши эҳтимоли бор. Семизлик фақатгина ёши катталарга эмас, балки болалар ва ўсмирлар соғлигига ҳам хавф солади. Aчинарли жиҳати шундаки, 1975 йилдан буён дунёдаги семиз одамлар сони уч бараварга ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ушбу хасталикка учраган.  

Шунчаки, вазнимиз оғир бўлиши нимани ўзгартиради дейишингиз мумкин. Бу ёғини эшитинг. Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабед, юрак ишемик касаллиги, миокарт инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артрит, остеохондроз ва остеоартроз, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликлар вужудга келиши мумкин. Ҳалиям семизликдан қўрқмайман дейсизми? Унда давом этамиз. Юрак қон-томир касалликларига ер юзида ўлимнинг асосий сабаби деб қарайдиган бўлсак, унинг ҳам ривожланишига айнан семизлик “ёрдамлашади”.

Бундан ташқари, бугунги кунда бутун дунёга тарқалиб улгурган коронавирус инфекцияси ҳам айнан ортиқча вазни бор инсонларда оғир кеяпти ва кўп ҳолларда ўлим билан якунланяпти. 

Хавотир олманг бу хасталикнинг олдини олиш йўллари ҳам бор: Соғлом овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш кифоя қилади. Пиёда юриш орқали қон-томир касалликлари, инсульт хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олди олинади. 

Кўриниб турибдики, инсон саломатлиги тананинг вазнига ҳар томонлама боғлиқ. Ўзбекистонда ҳам соғлом турмуш тарзига ўтишга ҳаракат бошлаб юборилган. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам айни масалага бағишланган. Aйниқса бу борада амалдорлар халққа ўрнак бўлиши керак. Ҳар ой энг кўп пиёда юрган фуқароларга эса пул мукофоти бериладиган бўлди.

“The Economist” нашри 2017 йилда қизиқ бир мақолани эълон қилган эди. Мақолада Собиқ СССР таркибидаги республикаларда вазни оғир амалдорларнинг кўплиги ўша мамлакатдаги коррупцион вазият билан боғлиқлиги айтилади.

Мазкур индексга кўра, Болтиқ бўйидаги 3 та давлат – Эстония, Латвия ва Литва, шунингдек Грузия собиқ СССРга таркибида бўлган мамлакатлар орасида энг коррупциядан ҳоли давлатлар ҳисобланади. Шунингдек, ушбу давлатлар вазн жиҳатдан энг ихчам вазирлари билан ҳам мақтана олар экан.

Aксинча, коррупция индексида энг қуйи ўринларда турадиган Ўзбекистон ва Туркманистонда, шунингдек Украинада ортиқча вазнга эга вазирлар сони кўп экан.

Aна шунақа гаплар. Хуллас, тонгда югуринг, тўғри овқатланинг. Шунда ҳеч ким сизни семизликда ҳам, порахўрликда ҳам айблолмайди. 

Карим Зарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

семизлик

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг