Президент туризм соҳасидаги 6 та катта муаммога ечим кўрсатди

Жамият

image

Ўзбекистонда сўнгги йилларда туризм соҳасидаги 6 та катта муаммо ҳал этилган, аммо яна олти муаммо ўз ечимини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда сўз борди.

Йиғилишда бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтасига бир марта туроператор, меҳмонхона ва дам олиш масканлари вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб борадиган тизим жорий этилиши таъкидланди.

Сўнгги йилларда туризм соҳаси олдидаги 11 та катта муаммолардан 6 таси ҳал қилинди. Хусусан:

1) Сайёҳларга виза бериш кескин либераллаштирилди.

2) Аэропортларда навбатлар ва текширишларга барҳам берилди, яшил йўлаклар қилинди, вокзалларда ҳам қулай шароитлар яратилди.

3) Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди, улар эркин ҳаракатланиши учун ҳамма шароитлар яратилди.

4) Валюта айирбошлашга чекловлар бекор қилинди.

5) Меҳмон ўринлари сони 3 баробарга кўпайиб, 125 мингтага етди (2017 йилда 37 мингта эди).

6) туристик корхоналар учун ижтимоий солиқ ва айланма солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди, ер солиғи ва мол-мулк солиқ ставкалари 90 фоизга камайтирилди.

Йиғилишда Президент соҳа олдида турган яна 6 та катта масала ечими бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди.

“Ўтган ҳафта Самарқандда янги барпо этилган Туристик марказда йирик халқаро тарихий тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юқори савияда ўтказдик. Бунда халқимиз, давлатимиз юксак маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон раислиги ва Самарқанд саммити доирасидаги кенг кўламли ишларимиз ва ташаббусларимизга халқаро ташкилотлар, иштирокчи давлатлар раҳбарлари юқори баҳо бергани барчамизга ғурур бағишлайди.

Самарқандда барпо этилган янги аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк, бошқа кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари – мамлакатимиз тарихида янги туризм дарвозаси ва Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланишига аминман”, дейди Президент.

Энди уларни ҳам аҳоли, ҳам хорижий сайёҳлар учун ишлатиш кераклиги таъкидланди.

Шу боис Ташқи ишлар вазирлигига:

•    “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш;

•    Самарқандга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Элчихоналар олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг