Президент туризм қишлоқлари ва сайёҳларга қўшимча имтиёзлар берди

Жамият

image

Ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан туризм техникумларида бепул ўқитилади. Бу ҳақда бугун, 26 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда давлат раҳбари туризм қишлоқлари учун қўшимча имтиёзларни эълон қилди. Хусусан, 1 июлдан бошлаб:

•  туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор йўғи 1 фоизини тўлайди; 

•  оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ушбу қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов лагерлари ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади. Мисол учун, Чироқчидаги Тарағай ва Лангар қишлоқлари аҳолиси камида 100 тадан меҳмон уйлари ташкил этиш ташаббусини билдирган;

•  ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан туризм техникумларида бепул ўқитилади.

Шунингдек, 135 та ихтисослашган маҳаллада 2,5 мингта лойиҳа учун жорий йилда 250 миллиард сўм ва 50 миллион доллар ажратилади. Меҳмон уйлари ташкил этиш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга:

•  авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизини (авиатранспортга 200 минг сўмгача, темир йўл ва автобусга 100 минг сўмгача);

•  меҳмонхона харажатининг 20 фоизини (бир кеча учун – 80 минг сўмгача);

•  музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини (битта объект учун – 20 минг сўмгача) қайтариш тизими жорий этилади.

Шунингдек, байрам кунлари ва фестивалларда аҳолининг фаол саёҳат қилишига қулай шароит яратиш учун қўшимча авиа, темир йўл ва автобус қатновини ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда чипталарга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг