Бўстонлиқда супа, сўри каби дам олиш жойлари солиққа тортилади
Жамият
−
27 Февраль 2020
85472020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида янги солиқ тартиби синовдан ўтказилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20 февралдаги 107-сонли қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаси ҳисобланади ва солиққа тортилади.
Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан мулк эгасига солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади.
Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулкаларнинг ижарага берилиши билан бирга, Давлат солиқ қўмитасининг ягона электроқ платформасига бу ҳақдаги маълумотлар киритилади.
Кўчмас мулк объекти ва мол-мулк турлари солиқ органларида ҳисобга олинган махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади ҳамда тегишли солиқлар тўланганидан кейин қолган маблағни банк кассасига топшириш ихтиёрий ҳисобланади.
Тажрибадан мақсад солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини вақтида, тўлиқ ва тўғри бажарилишини таъминлашдир.
Ушбу тартиб-қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда оилавий меҳмон уйлари ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.
Давлат солиқ қўмитасида қайд этилишича, бу ўзгаришлар давр талаби бўлиб, Тошкент вилоятида туристик хизматлар кўламини яхшилаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ солинадиган объектларни ҳисобга олиш тартибини соддалаштиришга қаратилган.
Яқин кунларда Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент шаҳри, “Дўстлик”, “Сижжак” ва “Новобод” маҳалла ҳудудларида 4 та солиқ таянч пункти ташкил этилади. Уларда фаолият юритадиган ходимлар ушбу қарорда кўрсатилган ва солиққа тортиладиган кўчар ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олади.
Дам олиш хизматларини кўрсатиш фақат рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома асосида амалга оширилади.
LiveБарчаси