Президент бораётган маҳалладан мажбурий меҳнатнинг “ҳиди келяпти”

Жамият

image

Хабарингиз бор, кеча, 7 апрель куни QALAMPIR.UZ мухбири Тошкентнинг Олмазор тумани Форобий кўчаси атрофида Президент ташрифи олдидан ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани ва ўзини Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари деб таништирган йигитлар мажбурий меҳнатга жалб этилган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Бунга Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, QALAMPIR.UZ келтирган фактлар тахминий фикрлар ва асоссиз.

“Бугун ижтимоий тармоқларнинг бирида талабалар мажбурий меҳнатга жалб қилинган деган тахминий фикрлар билан асоссиз хабар тарқатилди. 

Олмазор туман ҳокимлиги ва Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида доимий равишда ҳамкорликдаги турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган ва амалга ошириб келинаётган ишларга ушбу туман аҳолисидан фақат ижобий фикрлар эшитишимиз мумкин.   

Хусусан, ушбу туманнинг Форобий кўчасида ҳамкорликда ташкиллаштирилган бугунги ободонлаштириш ишлари ҳам шулар жумласидандир. 

Шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки мазкур тадбирда талабалар эмас, балки ушбу туманда яшовчи  ҳарбий хизматчилар ва кўнгилли спортчиларнинг иштирок этганлиги, туман аҳолисининг жипслигидан далолат беради”, дейилади расмий изоҳда. 

 

Шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, QALAMPIR.UZ Олмазор туманида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари истиқомат қилишини рад этмайди. Бироқ, улар яшайдиган манзил бир ҳафтадан буён ободонлаштириш ўтказиб келинаётган Форобий кўчасидан ўртача 1,5-2 км узоқликда, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида жойлашган. Қачонки, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасининг ўзида ободонлаштириш учун майдонлар етарли ва ўша ҳарбий хизматчиларнинг уйи ҳам ўша ерда жойлашган бўлса, улар нима учун кўнгилли сифатида бошқа бировнинг уйи атрофини тозаласин? Жаноблар, суваш учун тузукроқ андава топилмадими? 

Яна бир қизиқ жиҳат: агар белкурак ва супурги кўтарганлар кўнгиллилар бўлса, уларнинг бир хил либос кийиб олгани ҳам тасодифмикан ё ҳокимбува ҳотамтойлик қилиб, кўнгилли хизматга, кўнгилли рағбат дея бир хил либослар совға қилдилармикан? 

Шу ўринда савол туғилади: қачондан университетлар ҳамкорлик асосида ҳокимликларга кўнгилли ишчиларни ободонлаштиришда фойдаланиш учун юборадиган бўлди? Агар ободонлаштиришга жалб этилганлар талаба ва ўқитувчилар бўлмаса, унда ким? Агар улар шу туманда яшайдиган ҳарбийлар ва спортчилар бўлса, нега бу масалага университет жавоб йўллаяпти? Университет ўз изоҳида Форобий кўчасидаги ободонлаштириш ишлари ҳамкорликнинг бир намунаси эканини тасдиқлаган. Демак, ободонлаштиришда ё университет ходимлари, ё курсантлари қатнашган. Буни эса кўнгиллилик асосидаги ободонлаштириш дейиш мумкинми? 

Университет ободонлаштиришда талабалар эмас, балки ушбу туманда яшовчи ҳарбий хизматчилар ва кўнгилли спортчилар иштирок этганини билдирди. Аммо Сиз айтаётган кўнгилли ҳарбий хизматчилар QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда Жамоат хавфсизлиги университетидан курсант эканини айтишган ва бу аудио ёзувда ҳам муҳрланган.

Бизда тахмин эмас, исботловчи далиллар бор. Сизда-чи? 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 апрель куни Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида олиб борилаётган бундёкорлик ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари билан танишишини маълум қилганди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг