Иситмаси бор фуқаролар сайлов участкасига киритилмайди. Улар қандай овоз беради?

Жамият

image

Жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловида сайловчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларининг тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган тақдирда улар овоз бериш хонасига киритилмайди. Бунда, улар учун алоҳида ажратилган жойлардан фойдаланган ҳолда яширин овоз бериш ҳуқуқи таъминланади. Бу ҳақда Президент сайловини ўтказишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича тасдиқланган Йўриқномада белгиланган, деб маълум қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Ботир Қурбонов.

“Сайловнинг барча иштирокчилари тиббий ниқобда бўлиши керак. Шунингдек, фуқаролар шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш учун сайлов участкалари етарли даражада санитайзерлар ва зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда ҳарорат ўлчагичлар билан таъминланади. Сайлов участкасига кираётган сайловчиларнинг тана ҳароратлари ўлчанади. 37 даражадан паст тана ҳароратига эга фуқаролар сайлов участкасига киритилади. 37 ва ундан юқори тана ҳароратига эга фуқаролар эса албатта, қайтариб юборилади. Улар алоҳида жойда овоз бериши кўзда тутилган”, дейди у.

Ботир Қурбонов сўзида давом этаркан, коронавирусга мўлжалланган шифохоналарда ёпиқ сайлов участклари ташкил этилишини маълум қилди.

“Йўриқномада шифохоналарда ҳам сайлов участкаларини ташкил этиш бўйича санитария-эпидимиологик осойишталикни сақлаш талаблари ишлаб чиқилган. Унга кўра, коронавирусни даволашга мўлжалланган шифохоналарга ёпиқ сайлов участкаси мақоми берилган. Мустақил юриш имконияти мавжуд бўлган фуқаролар шифохона ҳудудида махсус ташкил этилган хонада овоз беришади. Ётоқ режимидаги фуқаролар эса мобил сайлов қутиси орқали овоз беришлари мумкин бўлади”, дейди Ботир Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сайлов сабаб айрим карантин чекловлари юмшатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

COVID-19 MSK Karantin Saylov Qodirov Pandemiya

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг