Паралимпиада рекордчиси Бобуржон Омоновга Андижонда 2 хонали уй берилди

Спорт 2890
2 (32)

Хабарингиз бор, жорий йилда Япония пойтахти Токиода XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик паралимпиячилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллаган ҳолда мусобақада юришини якунлаб, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Тошкентга қайтишган эди. Ўша куни Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида чемпионларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтганди.

Бугун, 14 сентябрь куни Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли майдонда Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларининг андижонлик иштирокчилари ва ғолибини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Паралимпиада ўйинларига Андижон вилоятидан 6 нафар спортчи йўлланма олган эди. Жумладан, пара енгил атлетика мусобақасининг F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Бобуржон Омонов 14,06 метр натижа қайд этиб, паралимпиада чемпионлигини қўлга киритганди. Шу билан бирга спортчи ядро улоқтириш бўйича паралимпия рекордини янгилади.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Президент фармонига асосан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган, паралимпиада чемпиони ва рекордчиси Бобуржон Омоновга Андижон шаҳрида қад ростлаган 16 қаватли янги уйнинг 2 хонали квартираси калитини топширди.

Эслатиб ўтамиз, Бобуржон Омонов чемпионлиги учун Президент томонидан Tahoe русумли автомобиль ҳамда 200 минг АҚШ доллари билан тақдирланган эди.

Маълумот учун, Паралимпия ўйинларида олтин медаль қўлга киритган спортчилар 200 минг АҚШ доллари, 3 хонали уй ҳамда Tahoe автомобили, кумуш медаль эгалари 100 минг АҚШ доллари, 2 хонали уй ҳамда Travers автомобили, бронза медаль соҳиблари эса 50 минг АҚШ доллари, 1 хонали уй ҳамда Traiblazer автомобилини қўлга киритган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 2.9
t
×