Каттақўрғонда икки университет филиали очилади

Жамият

image

Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиаллари ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи 2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури:

•    2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари;

•    2020–2021 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

•    2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида йўл-коммуникация тизими ва ижтимоий соҳани яхшилаш чора-тадбирлари;

•    2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш параметрлари;

•    2020 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш параметрлари;

•    2020–2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги:

•    Самарқанд вилояти ҳокимлиги, “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ ва “Ўзқишлоқелектрқурилиш” АЖ билан биргаликда “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖнинг 10,17 гектар ва “12-сон Механизациялашган колонна” МЧЖнинг 1,5 гектар бўш ер майдонлари ва уларнинг ҳудудида жойлашган бино-иншоотларни баланс (қолдиқ) қийматида Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига бериш масаласи жамиятларнинг тегишли бошқарув органлари мажлисларида кўриб чиқилишини;

•    Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига берилаётган объектларнинг баланс (қолдиқ) қиймати ҳисобига “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ ва “Ўзқишлоқелектрқурилиш” АЖ устав капиталидаги давлат улушлари, “Ўзқишлоқелектрқурилиш” АЖ эса «12-сон Механизациялашган колонна» МЧЖ устав капиталидаги ўз улуши камайтирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:

•    Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳи бинолари эгаллаб турган 2,5 гектар ер участкасини Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш;

•    Халқ таълими вазирлиги тизимидаги Каттақўрғон шаҳар, «Ғарбмачит» маҳалласи ҳудудидаги 1-сон умумтаълим мактабининг фойдаланилмаётган бўш турган биносини Каттақўрғон шаҳар ахборот-кутубхона марказини жойлаштириш учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Халқ таълими вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган объектларни ер майдони билан биргаликда топшириш ва қабул қилиш ишлари амалга оширилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун ипотека кредити ажратишнинг соддалаштирилган тизимини жорий қилиш тўғрисида” 2020 йил 21 сентябрдаги 576-сон қарори билан ипотека кредитларининг соддалаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича белгиланган тартиб Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри учун ҳам татбиқ этилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Ипотека-банк” АТИБ билан биргаликда Каттақўрғон шаҳрининг “Ингичка” қўрғончаси ҳудудидаги мавжуд кичик саноат зонасига ҳудуддаги мавжуд табиий ва хом ашё захираларидан самарали фойдаланган ҳолда травертин, гипсокартон, гипс боғлагичларини ва мармар тошларни қайта ишлаш лойиҳаларини 2020 йил якунига қадар жойлаштириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг Каттақўрғон шаҳрида “Ҳунармандчилик маркази”ни (ҳунармандчилик, миллий ширинликлар мажмуаси ва меҳмонхона) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Каттақўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудидаги бўш турган 0,35 гектар ер участкасини “Ҳунармандчилик маркази”ни ташкил этиш учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Каттақўрғон

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made