Озарбайжон Президенти мамлакат армияси ҳақида муҳим маълумотларни очиқлади

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Франциянинг Le Figaro газетасига берган интервьюсида Россия мамлакат учун асосий қурол етказиб берувчиси эканлигини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбари расмий сайтида эълон қилинди.

“Биз кўплаб мамлакатлардан қурол-яроғ сотиб оламиз. Бизга ҳарбий техника Туркия ва Исроил томонидан етказиб берилмайди. Биз қурол оладиган давлат – Россия. Аммо Арманистондан фарқли ўлароқ, биз Россиядан сотиб олинган қуроллар учун пул тўлаймиз. Арманистон Россиядан қуролларни бепул сотиб олади. Шунингдек, қуролларни Эрон, Украина, Беларусдан сотиб оламиз. Бугун биз армиямизга ҳудудий яхлитлигимизни тиклашда ёрдам берадиган замонавий қуролларни сотиб олиш имкониятига эгамиз”, деди Алиев.

Илҳом Алиев, шунингдек, Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлигини мустақил равишда тиклаётганини таъкидлаб ўтган.

“Табиийки, минтақамиздаги ҳар қандай давлат қурол сотиб олади. Дунёнинг ҳамма давлатлари ҳам ўзларини қурол-яроғ билан 100 фоиз таъминлай олмайди. Бу ерда ажабланарли ҳолат йўқ. Биз қурол учун пул тўлаймиз, яхши қуролларни сотиб оламиз. Аммо ҳудудларни аскарлар, жанг майдонларида ўз вазифаларини бажараётган одамлар озод қилмоқда”, дея қўшимча қилди Алиев.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида сулҳга эришди. Аммо бу сулҳнинг умри бир неча соат давом этди. Кейинроқ, томонлар яна ўт очишни тўхтатишга қарор қилди. Бу сафар ҳам бу режим узоққа бормади.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг