Овоза қилинмаган яхшилик: Шомуродов карантинда Россияда қолиб кетган “Бунёдкор” ёшларини 1,5 ой боққан

Спорт 13408
image

Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда “Женоа” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2020 йил пандемия даврида хайрли ишга қўл ургани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон терма жамоаси ва “Бунёдкор” фан-клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов “Красава” каналига берган интервьюсида маълум қилди.

Маълум бўлишича, “Бунёдкор” болалар жамоаси Россиянинг Краснодар шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада иштирок этаётган вақтда коронавирус сабаб карантин чоралари кучайтирилган ва жамоа ўша ерда қолиб кетган. 30 кишидан иборат жамоанинг захираси меҳмонхонада ўн кун истиқомат қилишга етган, кейинчалик уларда ресурс қолмаган. Бундан хабар топган Шомуродов Ростовдан Краснодарга борган, меҳмонхона ва бошқа харажатларни қоплаб берган. Шундан кейин у делегацияни Ростовга олиб кетган ва 1—1,5 ой давомида уларни таъминлаб турган.

Вазият бироз юмшагач, Ўзбекистон ФВВ махсус рейс орқали “Бунёдкор” ёшларини ортга қайтарган.

“Шомуродов 30 кишидан иборат жамоани 1,5 ой давомида боқди. Бу ҳақда у на YouTube, на Instagram ва на бошқа жойда гапирди. Унинг ишлари улкан ҳурматга лойиқ. Шундан кейин у йигитларни Ростовдан Москвагача кузатиб қўйди ва самолётга чиққунгача бўлган харажатларни барчасини қоплаб берди”, дейди Абдураҳмон Фозилов.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов бу мавсум ҳам “Женоа” сафида тўп суриши аниқ бўлган, жамоа уни камида 6 ой ўйнатиб, трансфер нархи ошгач, сотиб юборишни мақсад қилган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 768
Рейтинг: 3
t
×