Ортиқхўжаев ва ниҳоят айбини тан олди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда кесилиб кетган дарахтлар учун айбни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда ҳоким бугун, 16 декабрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида гапирди. 

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев, “Тошкент шаҳрида 1,2 млнга яқин дарахтлар хатловдан ўтказилган. Лекин уларнинг 20 фоизи ҳам ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган. Натижада мораторийга қарамасдан, дарахтларни кесиш ҳолати ҳамон давом этмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2021 йилнинг январь – ноябрь ойларида 33609 дона дарахтларни кесиш учун Экология қўмитасига аризалар келган. Улардан 22145 да дарахт рад жавоби билан сақлаб қолинган. Лекин кўп жойларда қурилишлар дарахтлар бор жойларда бўляпти”, дея Ортиқхўжаевга юзланди. 

Сенаторнинг саволига жавобан ҳокимбува шундай дейди: 

“Охирги йилларда дарахтларнинг аниқ эгаси бўлмаган. На экологияга, на ҳокимиятга қарашли бўлган, рақамлаштирилмаган. Ким қаерга хоҳласа, дарахт экилган. Экиш керак бўлмаган жойга ҳам дарахт экилган. Экиш керак бўлган жойларга экилмаган ҳолатлар ҳам бор. Ҳозир ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан экологик полиция ташкил қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида рақамлаштириш маркази ташкил этилди. Ушбу марказ орқали ҳар бир дарахт ҳисобга олиниб, унинг бошқарувини йўлга қўйганмиз. 

Ҳақиқатан кесилиб кетган жойлари бор. Шаҳар ҳокимияти бунда тўғридан тўғри ёрдам беролмай қолган жойлари ҳам бор, айбдор жойлари ҳам бор, мен буни тан оламан. Қурилиш майдонларида кесилиб кетган, нобуд бўлган дарахтлар бор, буни ҳам тан оламан”. 

Тошкентда олиб борилаётган қурилиш реконструкция ишлари оқибатида суғориш тизимига жиддий зарар етмоқда. Бунинг ортидан эса Чилонзор туманида жойлашган Ғофур Ғулом боғида 15 та, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғида 35 та дарахт қуриб қолган. Сенат қўмитаси раиси Тожиев Ортиқхўжаевнинг қаршисига ушбу фактлар билан чиқаркан, ундан муаммони бартараф этиш бўйича аниқ режалари бор-йўқлигини сўради. 

“Ҳозирги вақтда сувнинг ер сатҳидан қочиши шаҳардаги қурилишларга боғлиқ эмас. Чунки битта Тошкент шаҳрида эмас, бутун дунёда экологиянинг ўзгариши сувларнинг ер сатҳидан пасайишига олиб келяпти. Мен ўйлайманки, бу масала устида ҳам экологларимиз ишлашади. 

Айтдим-ку, бу дарахтларнинг эгаси бўлмаган. Йиллар давомида кимдир 1,5 миллион, яна кимдир 2 миллион дарахтимиз бор деган. Лекин бу дарахтлар қаерда, қандай дарахтлар экани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар бўлмаган. Мана энди биз Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида рақамлаштириш марказини ишга туширдик. Экология қўмитаси билан бирга дарахтларни ҳимояга олиш ва уларни муҳофаза қилиш учун бирма бир рақамлаштиряпмиз”, дейди Ортиқхўжаев.  

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимликка киришганидан буён ўзини дарахт ҳимоячиси сифатида кўрсатиб келишига қарамасдан, айнан унинг даврида Тошкентда юзлаб дарахтлар кесилди. Ҳоким бир неча бор аҳоли билан мана шу масалада қарама-қаршиликка ҳам борди. Жорий йилнинг февраль ойида Ортиқхўжаев бирор дарахт кесилса, ўз аризаси билан ишдан кетиши ҳақида гапирганди


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

885

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг