Ортиқхўжаев ҳоким бўлмаса нима бўлади? – Яхши бўлади

Интервью

13 январь куни 6-чақириқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессиясида Тошкент шаҳар ҳокими қайта муддатга тасдиқланди. Биз ушбу сессияда эълон қилинган танаффус вақтида пойтахтнинг машҳур тадбиркорларидан бири, “Murad buildings” асосчиси Мурод Назаров билан суҳбатлашдик. Янги депутатлардан саналмиш бу бизнесмен билан суҳбатимиз қисқа ва қизиқ бўлди. 

–    Тошкент шаҳар кенгаши депутатларининг биринчи сессияси бўлиб ўтмоқда. Шаҳар ҳокими масаласи муҳокама қилинмоқда. Таассуротлар қандай?

– Мен биринчи марта бундай жойдаман. Кўрамиз энди. Янгиларданман. Кўп яхши инсонларни кўрдим. Шундай инсонлар депутат бўлганидан хурсандман. Асосан ёшларни кўрдим. Ўз соҳасининг кучли вакилларини кўрдим. Иш фаолиятини кўрамиз энди. Мен тўғриси, нима бўларкин деб кўриб ўрганиб ўтирибман. Тушимда ҳам кўрмаган нарсалар бўлиб кетди. Қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. “Тема”га кирволайлик. 

– Биринчи таассурот қанақа бўлди? Масала қўйиляпти, овоз бериляпти. Кимдир тушуниб, кимдир тушунмай овоз бераётганга ўхшайди.

– Қўл кўтариш тартибини йўқ қилинса бўларди. Шуни сал ўзгартирса бўларди. Бу ерда норози бўлганлар ҳам қўрққанидан қўл кўтариб турган бўлиши мумкин. Шуни махфий овоз бериш тарзида қилса ҳам бўлади. Менга шунақа туюлдики, овозга қўйиб дарров “ҳа, ҳамма рози. Қаршилар йўқ” деб тез ўтиб кетиляпти... Демократия бўлганидан кейин шу нарсаларни устида ишлаш керак, менимча. 

– Айни вақтда шаҳар ҳокими масаласи муҳокама қилинмоқда. Агар маъқулланмаса нима бўлади?

– Яхши бўлади. Ҳозир овоз беришга кирамиз. Жаҳонгир Обидовичнинг ўзидан ҳам сўрадим. “Ўзингиз ишлашни хоҳлайсизми?” деб. “Ҳа энди, сизлар сайласангиз...” деганди, “йўқ, биз овоз берсак ҳам, ўзингиз розимисиз?” деб сўрадим. Чунки, таги тадбиркор одам-ку. Балки тадбиркорлик билан кўпроқ фойда келтирар... Лекин айтганимдек, ўзидан сўрадим. Биз хоҳлашимиздан олдин, у кишининг ўзи ҳам хоҳлаши керак. Ҳоким сифатида бундай ҳокимлар жуда кам. Ҳақиқатан юрт учун, шаҳар учун кўп ишлар қиляпти. Лекин ўзлари ҳам рози бўлиши керак. Тадбиркор сифатида бундан ҳам кўп фойдалари тегиши мумкин. 

– Агар ҳозир муҳокамадан ўтмай қолса, нима бўлади?  

– Ўтмай қолса, ундан ҳам яхши нарса бўлади. Биринчидан, анча-мунча ишни йўлга қўйиб қўйган. Балки ундан ҳам яхшироқ номзод ҳам бўлиши мумкин. У киши ҳозир шаҳарни безатмоқда. Лекин буни ҳокимиятнинг ўзи қилиши шарт эмас. Тизимни яратиш керак. Ўйин қоидаларини жойига қўйиш керак. Имкониятни ҳаммага адолатли равишда ишлашини таъминлаб бериши керак. Шаҳардаги тадбиркорларнинг кўпчилигини, минглаб тадбиркорларнинг ҳамкорлигида ҳам кўп ўзгаришлар қилса бўлади. Бунинг учун тизимни яратиш керак. Агар у кишининг номзоди ўтмай қолса, ундан ҳам яхши номзод бўлар, балки. 

– Ичкаридаги муҳокама қанақа бўлди? Кўнглингиз тўлдими?

– Бизнинг партияда (ЎзЛиДеп) тортишувлар бўлмади. Чунки ҳоким номзоди бизнинг партиядан берилган. Бошқа ҳамма қўллаб-қувватласа ва буни уларнинг ўзлари хоҳласа, кейин фойда келтиради. Мажбурлаб бўлиб қолмасин дейман-да. Ҳар тарафлама мотивация бўлиши керак. Бу одам шаҳарда ишлаб кўп нарсаларни кўрди. Тадбиркор сифатида, инсон сифатида бу одамга шубҳа йўқ. 

– Сизнинг ўзингизда ҳам сиёсий амбициялар борми?

– Умуман йўқ. Ҳаттоки, депутат бўлишни тушимда ҳам кўрмаганман. Менинг ҳаётий аниқ мақсад-режаларим бор. Қаёққа қараб интилаётанимни аниқ биламан. Бунинг орасида умуман сиёсат йўқ. Тушунмайман ҳам сиёсатни. Ўқимайман, қизиқмайман ҳам. Мақсадим тадбиркорлик ҳам эмас. Менинг йўлим сал бошқачароқ. Тадбиркорлик ҳаётий мақсадимга ёрдам беради. Менинг мақсадим – илм. Мақсадим – ватандошларимизнинг онггини, тафаккурини кўтарилишига ҳисса қўшиш. Тадбиркорлик орқали бу нарсани амалга ошириш имкони кўпроқ. Чунки ҳамма нарсага тажриба керак, пул керак. Ҳамма нарсага имконият керак. Тадбиркорлик бу орзуларимни амалга оширишга ёрдам беряпти. Сиёсат эса аксинча, ўзимнинг ҳаётий йўлимдан чалғитади. Шунинг учун, сиёсий амбиция умуман йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Мурод Назаров Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

2627

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг