ОФК Кубогига қуръа ташланди. “Насаф” ўз уйида ғалаба қозонса, ярим финалга чиқади

Спорт 1738
image

Бугун, 4 август куни Осиё футбол конфедерациясида ОФК Кубоги минтақалараро ярим финалига қуръа ташланди. 

Ушбу босқичга ўзбек клубларидан фақатгина Қаршининг “Насаф” жамоаси йўл олган эди. Қуръага кўра, қаршиликлар нимчорак финал ўйинини 25 август куни Туркманистоннинг “Аҳал” клубига қарши ўтказади. Маълум сабабларга кўра, туркман жамоаси ўйинни ўз майдонида қабул қила олмаслигини билдиргач, мезбонни аниқлаш учун қуръа ташлашга ҳожат қолмади ва ОФК ўйин Қаршида ўтишини маълум қилди.

Нимчорак финалдаги ғалаба Рўзиқул Бердиев жамоасини Марказий Осиё минтақаси ғолиби сифатида тўғридан-тўғри ярим финалга олиб чиқади. Чунки жануб (Мальдив, Ҳиндистон, Бангладеш) ва АSEAN (Вьетнам, Таиланд, Камбоджа, Филиппин) жамоалари ўртасидаги гуруҳ босқичи ўйинлари мезбон ҳудуд топилмагани ҳамда коронавируснинг авж олиши туфайли ўтказилмаганди. Натижада, чорак финал баҳслари бўлмайдиган бўлди ва “Насаф”да Қаршидаги ғалаба орқали ярим финалга йўл олиш имконияти пайдо бўлди.

“Насаф” “Аҳал”ни мағлуб этиб минтақалараро яримфиналга чиқса, бугун ташланган қуръага кўра жануб чемпиони билан ўйнайдиган бўлди. Унда ўзбек клуби Мальдив, Ҳиндистон, Бангладеш жамоаларидан бирига қарши ўйнайди.

Эслатиб ўтамиз, “Насаф” 2011 йили ОФК кубогида чемпион бўлган. Бу ўзбек клубларининг халқаро майдондаги ягона расмий чемпионлиги ҳисобланади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
t
×