ОФК Кубоги. “Аждарлар” бугун “Марказий”да ҳиндларни меҳмон қилади

Спорт 1433
image

Бугун, 22 сентябрь куни Қаршининг “Насаф” клуби ОФК Кубоги чорак финали доирасида Ҳиндистоннинг “Моҳун Баган” жамоасини “Марказий” ўйингоҳида қабул қилади.

Ушбу мусобақанинг гуруҳ босқичида “Олой”, “Хўжанд” ҳамда “Олтин аср” каби клублар билан тўқнаш келган қаршиликлар уни биронта гол ўтказиб юбормаган ҳолда якунлашди. “Олой” дарвозасига 4 та, “Хўжанд”га 3 та, “Олтин аср”га 2 та гол урган “Насаф” нимчорак финал баҳсида Туркманистоннинг “Ахал” жамоаси билан тўқнаш келди. Муросасиз кечган ўйинда туркманлар 3:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, “аждарлар” чорак финалга чиқишига “йўл берди”.

“Моҳун Баган”га қарши баҳс “Насаф” устози Рўзиқул Бердиев учун мураббий сифатида халқаро майдондаги 33-ўйинга айланади. Қаршиликлар Бердиев бошчилигида ўтказилган 32 ўйинни 12 тасида зафар қучишни уддалаган (6 дуранг, 14 мағлубият). Тўплар нисбати эса 39:43 (-4). Маълумот учун, ушбу 32 ўйиннинг 28 таси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида ўтган. Қолган 4 таси эса ОФК Кубогига тўғри келади.

Маълумот учун, Қарши клуби 2018 йилнинг март ойидан бери халқаро майдонда енгилгани йўқ. Сўнгги 6 ўйиннинг 5 таси “Насаф” фойдасига ҳал бўлган, 1 та дуранг (“Персеполис” билан). Охирги мағлубият бундан 3 йил аввал Доҳада қабул қилиб олинган эди. Ўшанда Қатарнинг “Ас-Садд” клуби Хави гол урган баҳсда “Насаф”ни 4:0 ҳисобида енгган.

Учрашув бугун, 22 сентябрь куни соат 20:00 да старт олади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1
t
×