Норвегия Ўзбекистондаги ислоҳотларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Жамият

image

Норвегияда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни диққат билан кузатилмоқда. Норвегия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришига ҳар қандай кўмак беришга тайёр. Ўзбекистон Республикаси олий Мажлиси Сенати раисининг бирични ўринбосари Содиқ Сафоев ва Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Аудун Халворсен ўртасида бугун, 5 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда сўз борган. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Норвегия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни, шунингдек БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилган. 

Қолаверса, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистонга Норвегия инвестициялари кириб келишини ошириш, юқори технологик қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва самарали савдо майдонларини ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган. 

Икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учрашувда кўриб чиқилган яна бир масала бўлган. Ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи органи ролини кучайтириш ислоҳотларнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштиришга, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ваколатларини тўлиқ амалга оширишга ва пировардида мамлакатда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланган. Шу муносабат билан томонлар ҳамкорликни, ахборот ва ғоялар алмашишни чуқурлаштириш йўналишларини кўриб чиқдилар.  

БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борганда, Норвегия 1,2 млн АҚШ доллари ажратиб, фонднинг биринчи донори бўлганлиги таъкидланди. Орол инқирозининг атроф муҳитга ва минтақада яшовчи одамлар ҳаёти ҳамда фаолиятига таъсирини юмшатиш бўйича Ўзбекистон Ҳукумати томонидан кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун улкан аҳамият касб этишига урғу берилди. Муҳокама этилган масала бўйича мулоқотни давом эттиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Учрашув жараёнида халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари ва халқаро ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик бошқа мавзулар муҳокама этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Содиқ Сафоев Ўзбекистон-Норвегия Аудун Халворсен

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг