Нокас ҳакамларнинг нияти Рио-2016 да ўзини кўрсатган боксчиларимизнинг иродасини синдириш эди — Абдулла Арипов

Спорт 7587
image

Хабар берганимиздек, кеча, 9 август куни Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этган Ўзбекистон Олимпия делегацияси Япониянинг Токио шаҳридан Тошкентга учиб келишди ва улар Тошкент Халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди

Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкент халқаро аэропортида кутиб олингач, совриндор олимпиячиларни Япониядаги муваффақият билан табриклаган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида Олимпиададаги ноҳақликлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

“Олимпиада катта турнир, барчамиз уни диққат билан кузатиб бордик. Мусобақа пайти ҳаяжонланиб, айтишга иккиланиб турган эдим, лекин бу ҳақда айтмасам бўлмайди. Шу ёшга кириб ҳеч қачон бунақанги адолатсиз ҳакамликни кўрмагандим. Минг афсуслар бўлсинки, Миразиз Мирзахалилов, Турсуной Раҳимова ютган жойида ринг атрофидагилар номардларча ғалабани рақибига бериб юборишди. Бундай қилиш учун қанақа одам бўлиш керак, очиғи ҳайратдаман. Бундай ҳакамлар шу ишлари билан халқимизни ғазабига дучор бўлишди. Шунга қарамай, спортчиларимиз номардларча бўлган ҳакамликка ҳам бардош бериб, ўзининг бор иродасини бир муштга йиғиб, зўр ғалабаларга эришиб қайтиб келишди. Раҳмат сизларга!

Нокас ҳакамларнинг нияти, Рио-2016 да ўзини кўрсатган боксчиларимизни шундай ҳакамликдан кейин иродаси синади деб ўйлаган эди. Мақсадлари ҳам ўзи шундай эди. Лекин Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва охирги кунда Баҳодир Жалолов 2019 йилдаги Мустақиллик байрами куни президентимизга берган ваъдаларини бажарди. Миразиз ҳам, Турсуной ва бошқа спортчиларимиз ҳам хафа бўлиши керак эмас. Ҳали олдимизда Париж-2024 да ўзимизни кўрсатишга, ғурурларингизни намойиш этишга имконият бор. Барчаси ўз қўлингизда”, дейди Абдулла Арипов.

Маросим якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, ғолиб спортчилар ва уларнинг оналари, Озодбек Назарбеков, Ёдгор Саъдиев ва Юлдуз Усмонова сингари санъаткорлар Олимпиада чемпионларини қутлашди.

Маросимнинг сўнгги якуний қисми Олимпия қўмитаси биносида давом эттирилиши маълум қилинди. У ерда совриндор спортчиларга Президент совғаси сифатида Tahoe ҳамда Trailblazer автомобиллари ва янги хонадон калитлари топширилди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 278
Рейтинг: 3
t
×