Ногиронлиги бўлган болалар таълими ҳануз жуда ачинарли аҳволда қолмоқда – Зироат Мирзиёева

Жамият

image

Бироз аввал, БМТ ваколатхонаси ва “Замин” фонди томонидан Жаҳон болалар кунига бағишланган халқаро форум ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними – “Замин” фонди Васийлик Кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

“Маълумки, пандемия ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори болалар таълимига ҳам жиддий зарар келтирди. Глобал миқёсдаги ушбу инқирозли вазият болаларнинг сифатли узлуксиз ва инклюзив таълим олишларига салбий таъсир кўрсатмоқда. UNESCO маълумотларига кўра,пандемия туфайли ҳанузгача дунёдаги мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми анъанавий таълим олиш имкониятини тиклай олмаяпти. Бу жуда ачинарли ҳол. Ушбу муаммо онлайн ўқув курслари орқали қисман ҳал қилинишига эришиляпти.

Лекин ногиронлиги бўлган болалар таълими масаласи ҳанузгача жуда ачинарли аҳволда қолмоқда. Бугун фурсатдан фойдаланиб, ушбу болаларга ҳам бошқа болалар каби кенг имконият ва шароит яратиш,уларнинг барча ҳуқуқларини таъминлаш ўта муҳим масала эканини таъкидламоқчиман. Ва нафақат давлат идораси мутасаддилари, балки бутун жамоатчиликни мазкур масалага жиддий масъулият билан қарашга чақириб қоламан.Чунки ҳар бир боланинг ўзлиги бор. Болалар ҳар хил бўлгани билан уларнинг ҳуқуқлари тенг бўлиши лозим.

Шу сабабли таълим жараёнларида ҳар бир бола учун индивидуал ёндашувни топиш, ҳеч бир ўғил ва қизни эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Қадрли форум иштирокчилари ўтган даврда бу соҳада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ҳам яратилди. Ўнлаб қонунлар қабул қилинди. Республикамиз БМТнинг "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциясига қўшилди ва уни ратификация қилиниши илк Халқаро ҳужжатлардан бири бўлди.

Шу йилнинг 23 сентябрь куни қабул қилинган янги таҳрирдаги  "Таълим тўғрисида”ги қонунга илк бор "инклузив таълим" тушунчаси киритилди. Шунингдек "Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунда илк бор ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили киритилди. Ногиронлик эндиликда тиббий масала эмас, балки биринчи навбатта инсон ҳуқуқлари масаласи, дея қонуний эътироф этилди. Шуни таъкидлаш жоизки, ногиронлиги бўлган болалар учун тўсиқлардан ҳоли ва инклузив муҳитни яратиш орқали уларнинг тўлиқ ва сифатли таълим олишини таъминлаш, бола ҳуқуқларини амалга оширишнинг самарали йўлларидан биридир. Шу ўринда ногиронлиги бўлган болаларни жамиятимизнинг барча жабҳаларига қўшиш, улар барча билан тенг бўлиши ва ўз ўринларини топиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш "Замин" Халқаро жамоат фондининг асосий мақсад ва вазифаларидан бири эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу йўналишда фондимиз эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқди ва унинг асосида "Zamin education" инклузив таълимни қўллаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Aлбатта, муаммо ва қилиниши керак бўлган ишларимиз жуда кўп. Фурсатдан фойдаланиб фондимиз манфаатдор ва Халқаро ташкилотлар учун очиқ эканлигини, ушбу лойиҳалар доирасида турли ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга тайёр эканлигини таъкидламоқчиман. Ва бугун бизни қўллаб-қувватлаб келаётган ҳамкорларимиз, Халқаро ташкилотлар, Халқаро жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Муҳтарам тадбир иштирокчилари биз бугун дуч келаётган муаммоларнинг самарали ечимини топиш мақсадида ота-оналар, ўқитувчилар, давлат идоралари, хусусий сектор, ОAВ ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари, шунингдек болаларнинг ўзлари бевосита иштирок этган ҳолда якдиллик ва ташаббускорлик билан ҳаракат қилишлари ғоятда муҳимдир.

Ишончим комилки, бугунги форум таълим соҳасидаги жаҳоннинг энг илғор тажрибалари ва янги лойиҳалари билан ўртоқлашиш, соҳадаги инновация ёндашувлари билан яқиндан танишиш борасида ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади. Бундай учрашувларимизни яхши анъанага айлантиришни, ҳар йили Жаҳон болалар куни арафасида бу каби Халқаро форумларни мунтазам ўтказишни таклиф қилмоқчиман”, дейди Зироат Мирзиёева


Мақола муаллифи

Теглар

Зироат Мирзиёева

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг