Фоторепортаж: Марказий Осиё ёшларини дўстликка чорлаган саёҳат

Жамият 1821
5

"Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси иштирокчиларининг Сурхондарё вилоятига ташрифининг илк куни ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу саёҳат Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги(USAID), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш тармоқ маркази ҳамкорлигида "Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси  доирасида амалга оширилди.

Лойиҳа қатнашчилари қадим Сурхон воҳаси бўйлаб сафарини давом эттириб, Сариосиё туманининг юқори қисмида жойлашган "Тўполон" сув омборига борди.

 

"Тўполон" сув омбори Ҳазрати Султон тоғининг денгиз сатҳидан 3800 метр баландликда жойлашган. 1986 йилда ишга тушган сув омбори тўсинининг эни 410 метр.   "Тўполон" дарёси йўли тўсилиб сув омборга айлантирилган. Ушбу дарёнинг узунлиги 25 км.дан ортиқроқ.

Ҳозирда сув омборининг энг чуқур жойи 185 метр, сув тўплаш ҳажми 500 млн куб метрни ташкил этади. Айни пайтда сув заҳираси 336 млн куб метрдан ортиқроқ. Ушбу сув омбори вилоятнинг 202 минг гектардан ортиқ ҳосилдор ерини сув билан таъминлайди",  деди мажмуа бош муҳандиси Темурмалик Мирзаев.

"Айни пайтда сув омбори қуйи қисмида "Тўполон" ГЭС ҳам бор. У ерда иккита, қуввати 25 мегаватт  бўлган янги электр ишлаб чиқарувчи генератор ўрнатилган. Шунингдек, дарё оқими бўйлаб қуввати 75 мегаватт бўлган "Зарчоб 1-2" ГЭС қурилиши давом этмоқда", деди Т.Мирзаев.  

Ҳа, айтганча сув омборининг шундоққина ёнида денгиз сатҳидан деярли 4000 метр баландликда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турибди, пастроқда эса герб ҳам ажойиб тасвирланган.

Лойиҳа иштирокчилари сув омборининг аҳамияти, сув ҳосил бўлиш манбаи ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Шундан сўнг талаба-ёшлар "Тўполон" ГЭС фаолияти билан ҳам танишди. Айни пайтда бу ГЭСда 2 та, қуввати 72,5 мегаваттли агрегат ишга туширилиши мўлжалланяпти.
Талабалар бу ерда амалга оширилаётган  лойиҳалар, ўрнатилган агрегатлар билан ҳам танишди.

ГЭС маъмуриятининг айтишича бу ерда фарер балиқлари ҳам етиштирилаётган экан. Дастлаб увилдириқлар сунъий кўлчаларга ташланади ва парваришланади.

Фарер балиқларининг бошқалардан фарқи у фақатгина тоғнинг тоза сувида яшай олади. Шунинг учун ҳам нархи бироз қимматроқ.  

Аллақачон ёзнинг тафти қиздираётган бўлса-да, тоғнинг сурурли шаббодаси, шиддат билан оқаётган "Тўполон" дарёсининг салқин тафти нафақат бизга, атрофни томоша қилиб кетаётган талабаларга ҳам ёққани аниқ.

Йўл қанчалик узоқ бўлмасин, табиатнинг мана бундай манзараси кишига юқори кайфият бахш этади. Ишонмайсизми, унда бир келиб кўринг, вақтингиз, нақдингизга ачинмайсиз. Сафарингиз мазмунли бўлиши аниқ.

Сариосиё туманидаги "сигирлар Анталяси", қойилмисиз.

Бир неча соатлик йўлдан сўнг, ва ниҳоят Сурхондарёнинг ташриф қоғозига айланган "Сангардак" шаршарасига етиб келдик.

Ҳар тарафи тоғлар билан ўралган жаннатмакон ўлка, Сариосиё туманида денгиз сатҳидан 2 минг метр юқорида жойлашган, баландлиги деярли 150 метрли "Сангардак" шаршараси ақлингизни шошириб қўяди. Мана, ўзингиз гувоҳи бўлинг.

Шундан сўнг манзилимиз Жанубий Сурхон сув омбори бўлди. 1967 йилда фойдаланишга топширилган сув омборининг сув ҳажми 500 млн куб метр ҳисоланади.

Олти минг беш юз гектарни эгаллаган сув омборининг энг чуқур жойи 27 метр бўлиб, узунлиги 20 км дан ортиқроқни ташкил этади.  Ушбу сув омбори вилоятнинг жанубий қисмини сув билан таъминлаб беради. 

Акбар Жиянов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3.5