Нега баҳорда аллергия кучаяди?

Жамият

image

Баҳор келиши билан кўпчиликни бир муаммо — мавсумий аллергия безовта қила бошлайди. Аллергия ўзи нима? Нега баҳор мавсумида аллергия кучаяди? Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Илмира Разикова шу саволларга жавоб берди.

— Аллергия ўзи нима?

— Аллергия — организмга таъсир қиладиган ёки тана билан алоқада бўлган, масалан, ҳайвонларнинг жуни, чанг ёки ари заҳри каби моддаларга иммун тизимининг жавобидир. Аллергик реакцияни келтириб чиқарадиган модда “аллерген” деб аталади. Аслида улар зарарсиз моддалар ҳисобланади. 

Аммо инсон танаси сезувчанлигининг ортиши сабаб, яъни иммун тизимидаги бузилиш оқибатида тана хавфсиз моддаларни хавфли деб қабул қилади ва ҳимоя тизимини ишга туширади. Натижада эса бурун оқиши, кўз ёшланиши, қичишиш, тери тошмалари пайдо бўлади. 

—  Нега баҳор мавсумида аллергия кучаяди? 

Баҳорда содир бўладиган табиат ўзгаришлари, дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари организмга турлича таъсир кўрсатади. Ана шу вақтда иммун тизими сустлашган бўлса, аллергияга мойиллик юз бериши мумкин. Иммунитетни мустаҳкамлаш чораларини кўриш, аллергия хуружидан сақланишнинг биринчи усулидир.

Мавсум аллергияси асосан гулчанглари эвазига юз беради ва тиббиётда поллиноз деб аталади. Аллергияни уч даврга бўлиш мумкин. Бошланғич даври – март ойининг бошидан май ойи ўртасигача, яъни дарахтлар гуллаши пайтига тўғри келади. 

Иккинчи даври май ойидан июлнинг охири, август бошигача давом этади. Бу вақтда дала ўтларининг гуллаши юз беради. Учинчи даври эса бошоқли ўсимликлар гуллаши билан боғлиқ бўлиб, август ойидан ноябргача чўзилади.

—  Ўзига хос белгилари қайсилар?

Аллергик инсон аллерген билан тўқнашганда, аллергик реакция дарҳол юзага келмайди. Иммун тизими аста-секин моддага нисбатан сезгирликни оширади. Вақт ўтиб, тана ўзига хос юқори сезгирликка эга бўлади, бу жараён сенсибилизация деб аталади. Баҳор мавсумида аллергия кўпинча чанг ва гул чангига  нисбатан қўзғалади. Унинг симптомлари қуйидагилардир:

•    бурун битиши;                                                     
•    кўзларнинг қичиши;
•    бурундаги қичишиш;
•    ринит;
•    кўзларнинг шишиши;
•    кўзларнинг ёшланиши.

Теридаги аллергия аломатлари:

•    тери пўст ташлаши;
•    қичишиш;
•    тери қуруқлашиши;
•    тери қизариши;
•    терида қизғиш тошмалар пайдо бўлиши.

Баҳор мавсумида ушбу белгиларга дуч келсангиз, албатта, аллерголог мутахассисга мурожаат қилишни тавсия этамиз. Сабаби — ўзбошимчалик билан нотўғри даво чораларини қўллаш аллергияни кучайтириш ёки бошқа хасталикларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, астма касаллиги келиб чиқиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

аллергия

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг