Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун маҳаллаларга йилига 100 млрд сўм ажратилади

Жамият

image

Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ҳар йили энг намунали маҳаллалар танлаб олиниб, уларда замонавий фитнес кўчаларини барпо этиш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев юрак қон-томир касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Тадбирда давлат раҳбари юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда энг муҳим омил соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканига алоҳида эътибор қаратиб, вилоят ҳокимларига иккитадан, туман ва шаҳар ҳокимларига биттадан намунали маҳаллада фитнес кўчаларни барпо этиш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, “Соғлом турмуш тарзи” платформасидан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етгани, уларга пиёда юргани учун 18 миллиард сўм тўлаб берилгани таъкидлаб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев Молия вазирлигига келгуси йилда бу борадаги тарғибот ишларини кучайтариш ва платформадан фойдаланувчилар кўламини янада кенгайтиришга қўшимча 60 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ юриш учун пул тўлайдиган дастурнинг масофани ҳақиқатда босиб ўтганини тасдиқловчи механизми текширилиши ҳақида хабар берилганди.

Азизбек Наҳанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг