Наманганда олиб қочилган 16 яшар қиз ўзини автомобилдан ташлаб, ҳалок бўлди

Жамият

image

Ўзбекистонда 16 яшар қиз ўзини юриб кетаётган автомобилдан ташлаб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Замон” ахборот-таҳлилий дастурида хабар берилди. 

Воқеа жорий йилнинг 20 декабрь куни соат 23:30 да Наманган вилояти Норин туманида содир бўлган. 

Қайд этилишича, Норин туманида истиқомат қилувчи 18 ва 20 ёшли йигитлар олдиндан жиноий тил бириктириб, маст ҳолатда тумандаги “Чангитма” маҳалласидаги хонадонларнинг бирида ижарада яшаб келган, асли учқўрғонлик бўлган 16 ёшли қизнинг олдига бориб, у билан қизнинг дугонасига боғлиқ муҳаббат можароси ҳақида гаплашиб олишини ва бу масалада ёрдами кераклигини айтиб, уни уйдан яширин ҳолатда чиқишга кўндиргач, Damas автомашинасида ўғирлаб кетади. 

Қиз эса уларга фаол қаршилик қилиб, мақсадида юриб кетаётган автомашинанинг эшигини очиб, ўзини ташлаб юборади.

Йигитлар шу заҳоти автомобилни тўхтатиб, улардан бири қизни йўл четига олиб чиқади. Бу вақтда иккинчи йигит ўзининг бошқарувида бўлган Damas автомобилида қўрқиб қочиб кетади.

Хабарда қайд этилишича, йўлдан ўтиб кетаётган Lacetti автомашинаси ҳайдовчиси қизни шифохонага олиб борган. Бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай қиз шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Маълум қилинишича, жабрланувчи Норин тумани “Чангитма” маҳалласидаги хонадонда учқурғонлик ва норинлик қизлар билан бирга ўқишга кириш учун тайёрлов курсларига қатнаш мақсадида бир ярим ойдан бери яшаб келаётган бўлган.

Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекси 117-моддаси 2-қисми ва 137-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1489

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг