Музокаралар бўлмоқда — АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база жойлаштириш ҳақидаги саволга жавоб берди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамда минтақадаги бошқа давлатлар билан АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан келгусида ҳарбий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Пентагон вакили Жон Кирби маълум қилди.

Унга АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳарбий базалар жойлаштириш тўғрисида савол берилди.

“Давлат департаментидаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда Афғонистонга қўшни давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Ва биз у ерда қандай келажак имкониятлари мавжудлигини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Ишонч билан айтишим мумкинки, ушбу имкониятлар тўғрисида бир қатор қўшни давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз”, дея жавоб берди Кирби.

Ўзбекистондаги Америка ҳарбий базани қайта қуриш мумкинми ёки йўқлиги ҳақида гапирар экан, Кирби ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини таъкидлади.

“Ҳали ҳеч қандай қарор қабул қилинмади. Менимча, тахмин қилиш мантиққа тўғри келмайди. Қайси давлатлардаги қайси иншоотлардан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот бермайман, биз ҳозирча бу босқичда эмасмиз”, деб қўшимча қилди Пентагон вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Републикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашганди. Комилов ва Блинкен ўртасидаги муҳокама мавзуси ҳам Афғонистондаги вазият бўлди.

Шундан сўнг, Комилов Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашув ўтказди. Унда ҳам, асосан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2747

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг