Мутахассислар коронавирус иссиқ ҳавода ўлади деб алдаганмиди? Отабеков иддаоларга жавоб берди

Интервью

Ўзбекистонга коронавирус кириб келган илк даврларда беморлар жуда тез соғайди. Улар шифохоналардан тантанали равишда, қўлида гуллар билан кузатилди. Ўзбекистон коронавирусни бу қадар осон “ўзлаштиргани” кўпчиликда шубҳаларни уйғотди. Июль-август ойларида касалланиш ҳолатлари ортиши, ўлим сони кўпайиши, беморларнинг соғайиши қийинлашиши ва қўлланилаётган дорилар масаласида кўп баҳслар чиқиши ортидан март, апрель ва май ойларида коронавирусга чалингани айтилган беморлар ҳақиқатан ушбу инфекцияни юқтирганмиди ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги спектакль қўйдими деган саволларни келтириб чиқарди. Бу орада эса мутахассислар одамларни тинчлантиришга, ваҳимага берилмасликка, дорилар етишмовчилиги бўлмаслиги, шифохоналарда ҳам ўринлар етарлилигига ва коронавирус 25 даража иссиқда йўқ бўлиб кетишига ишонтиришга уринди. Ҳақиқий вазият эса бундан анча фарқ қилар эди. 

Хўш, пандемия даврида мутахассислар ёлғон маълумотлар ва тавсиялар билан одамларни алдадими? QALAMPIR.UZ’нинг #CoronaMarafoni жонли мулоқотида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабековга юқоридаги саволлар билан мурожаат қилинди. 

“Мен ҳалигача коронавирус, умуман, барча вируслар қуруқ ва иссиқ ҳавода тезда нобуд бўлишини инкор қилмайман. Келинг, сиз берган саволларга бошидан ёндашсак. Коронавирус касаллиги Ўзбекистонга кириб келганини ҳеч ким инкор қилгани йўқ. Ҳа, дастлабки кунларда биз касалликни кичкина рақамларда, ҳали жиддий авж олиб кетмасидан жиловлай оламиз, деган фикрда эдик. Бизнинг бирламчи фикримиз шу бўлдики, касаллик айнан 15 март куни Ўзбекистонга кириб келди. Аслини олганда 14 март куни ҳам, 13 март куни ҳам, 1 март куни ҳам эпидемик нохуш ҳудудлардан одамлар кела бошлаган. Фақат касалликнинг биринчи аниқланган кунини тан олиб, бир пайтнинг ўзида касаллик биз аниқлаганимиздан аввалроқ кириб келганини инкор қилмаймиз. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Республикаси коронавирус касаллигига кириб келиши баробарида Ўзбекистондаги карантин ва чеклов тадбирларини босқичма-босқич амалиётга киритдики, асосий мақсад касалликнинг юқиш интенсивлигини бир мунча камайтириш. Ҳозир Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига касалланиш кўрсаткичи 0,1-0,2 фоизни ташкил этмоқда. 

Юқумли касалликлар шундай касалликки, уни яширишдан манфаат йўқ. Масалан, ҳозир Ўзбекистонда 80 минг эмас, 180 ёки 500 минг бемор қайд этилди, десак ким эътироз билдиради? Айтмоқчи бўлганим, Ўзбекистон Республикаси лабораторияда росмана тасдиқланган рақамлар асосида касалликка чалинганларнинг статистикасини юритяпти. Лекин биз, ўша касаллик ташхиси лаборатория тасдиқланмасдан, клиник белгилари намоён бўлгани учун тиббиётга мурожаат қилган одамларни ҳам эшитганмиз. Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи 0,9 га етмайди. Демак, бу дегани жуда яхши кўрсаткич”, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабеков.

Мансабдор сўзида давом этаркан, иссиқ об-ҳаво шароитида вирус ўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрида ҳамон собитлигини айтди. 

“Вирусларнинг қуруқ ва иссиқ ҳавода ўлишига келсак, бунга ҳеч қандай исботнинг кераги йўқ. Буни исботлаган лабораториялар бор. Энди биз масаланинг иккинчи томонига эътибор берайлик. Биз вируснинг иссиқ ва қуруқ ҳавода ўлишига қўйиб бердикми? Йўқ. Биз уни қўлма-қўл қилиб юбордик. Вирус ташқи муҳитда туришга бир муддат ҳам вақт тополмади. Биз ижтимоий масофа сақламаслик, ниқоблардан фойдаланмаслик, эҳтиёт чораларини кўрмаслик натижасида вируснинг бир одамдан бошқа бир одамга ўтишига ва ташқи муҳитда нобуд бўлишга улгурмасидан иккинчи одамнинг организмига тушишига имкон яратиб бердик. 

Ўзи доим ҳам барча турдаги вируслар учун нам ҳавода, мўтадил иқлим, яъни ҳаддан ортиқ совуқ бўлмаган ва ҳаддан ортиқ илиқ бўлмаган ҳавода яшаш қулай бўлади. Бир нарсани билишимиз керак: вируслар ҳужайра ичида яшайдиган паразит. Улар бир ўзи ҳавода юрмайди. У ё тупук, ё сўлак заррачалари, ё йўталганда чиқадиган ҳужайраларнинг ичида яшайдиган паразит. Қачонки у яшайдиган муҳит қурир экан, намлик йўқолар экан, вирус нобуд бўлиши муқаррар. Фақат биз уни ўлгани қўймадик. Ўлишга улгурмасдан туриб, у иккинчи организмга тушишга мажбур бўлди. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистондаги вазиятнинг ҳозирда барқарор бўлиб тургани, устига устак дунёда кунига 500 минг бемор қайд этилаётган бир пайтда касалликнинг бу даражада ушланиб турилиши, қолаверса, 30 мингдан кўпроқ шифо ўринлари тайёрлаб қўйилган бир пайтда унинг бор-йўғи 800 га яқинининг банд экани, бу Ўзбекистондаги ишларнинг нечоқғлик самара бергани ва тўғри йўл тутилганини исботловчи ҳолатдир”, дейди Нурмат Отабеков. 


Мақола муаллифи

Теглар

Нурмат Отабеков

Баҳолаганлар

269

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг