Мулкнинг эгаси ким ёхуд ҳокимларни фақат Президент қарори тўхтата оладими?

Таҳлил

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Адлия вазири Руслан Давлетов бир неча муаммолар қаторида йиллар давомида мулк эгаси бир неча бор ўзгарган хусусийлаштириш натижаларини айрим мансабдор шахслар томонидан ноқонуний равишда бекор қилинаётганини айтиб ўтди.

Бугунга келиб ҳокимликлар томонидан бир вақтлари хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектларининг ноқонуний тарзда ҳокимлик балансига олиниш жараёни кўпайди. Бунда қуйи маъмурий судларнинг “ҳиссаси” катта бўлди.

Ҳокимликлар 20-25 йил аввалги Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитасининг тегишли бошқармаси томонидан хусусийлаштиришда ифодаланган буйруғи ҳамда мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича маъмурий судларга даъво киритишни бошлади. Маъмурий суд томонидан ҳокимлик даъвоси қаноатлантирилгач, ҳокимликлар мулкни ўз балансига олишни давом эттирди. Ҳокимлар олий мақсади сифатида мазкур ташкилотнинг инсвестиция кирита олувчи потенциал инвесторга берилиши эканини кўрсатишди.

Фойдаланилмаётган объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш амалиётини ҳеч ким (айниқса, маъмурий суд) ҳисобга олмади. Бу нарса Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сонли қарорида ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Кейинги гал мана шундай ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги катта хатоларга йўл қўйган судъяларнинг иши ҳам уларни қайта тайинлашда ҳисобга олиниши керак, деб ҳисоблаймиз.

Энг ачинарлиси, судда айнан мулкни олиб қўйишга асос сифатида айрим ҳокимлик юристларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунда кўрсатилмаган, юридик кучга эга бўлмаган йиғилиш баённомаларини кўрсатиши энсани қотиради. Афсуски, айрим ҳокимликларда мана шундай бюджет “қонини сўрувчи” ва ҳуқуқий салоҳияти етарли бўлмаган юристлар ҳам ишлаб юрибди.

Шунингдек, маъмурий судлар йиллар давомида мулкнинг эгаси бир неча марта ўзгарганини ҳам ҳисобга олмади. Мулк ҳуқуқи тўғрисида фуқаролик кодексида ёзилган моддалар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Яхшики, жорий йилнинг 20 ноябрида қабул қилинган “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мулк эгаларининг жонига оро кирди.

Унда, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди, деб аниқ кўрсатиб қўйилди.

14 декабрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг ялпи мажлисида Адлия вазири Руслан Давлетов ҳам QALAMPIR.UZ сайтига бу борада ўз изоҳларини бериб ўтди.

“Мажлисда ҳам бир вақтлари хусусийлаштирилган давлат объектларининг бир неча йил ўтиб ноқонуний тарзда яна давлат тасарруфига олиниши бўйича бир нечта уринишлар бўлганини айтиб ўтдим. Бу ҳолатга йўл қўймаслик керак. Бу бевосита қонунда ҳам бор, яқинда қабул қилинган Президент қарорида ҳам кўрсатиб қўйилди. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва унинг ижроси масаласида бу жуда катта тизимли муаммо ҳисобланади”, дейди Давлетов.

Руслан Давлетов, шунингдек, бу каби ҳолатлар Фарғона ва Тошкент шаҳарларида кузатилгани, муаммолар Президент қароридан сўнг барҳам топгани ва хусусийлаштириш натижалари билан боғлиқ муаммолар вазирликнинг асосий вазифаси сифатида бундан кейин ҳам сақланиб қолинишини айтиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Адлия вазири Руслан Давлетов

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг