Муҳожирнинг оғир ҳаёти: моддий эҳтиёж асосий сабабми?

Таҳлил

image

Ҳар бир инсон яхши яшашга, яхши даромад топишга интилади. Бунинг учун эса, баъзида ватанини, жондан азиз оиласини ташлаб, уч-тўрт  сўм ва рўзғор ғамида узоқларга кетишга мажбур бўлади. Биз шунчаки, муҳожирлар деб атайдиган қатлам дунёда йил сайин ортиб бормоқда. Бугунги мулоҳазаларимиз шу ҳақида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 1990 йилда 153 миллионни ташкил қилган мигрантлар сони 2019 йилнинг ўрталарига келиб 272 миллионга етган. Бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизи дегани. Одамларни ўз юртини ташлаб кетишга мажбур қилаётган бир қанча омиллар мавжуд: қуролли можаролар, этник таъқиб, табиий офатлар ва қашшоқлик (!). Ўқиш ёки яхшироқ даромад учун сафарга чиққанлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми эркаклар бўлса-да, аёллар улуши ҳам кам эмас – 47,9 фоиз.  Aчинарлиси, 38 миллион ёки умумий мигрантлар сонининг 14 фоизи ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган ўспиринлар. 

Миграция аслида салбий ҳолат эмас. Бу ҳар иккала томон учун ҳам ижобий жараёндир. Иқтисодчилар фикрича, мигрантларнинг уйларига юборадиган пул ўтказмалари аҳоли даромадларини оширишга ва кўчирилган одам келган мамлакатда умумий турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради. Мисол учун, 2017 йилда дунё бўйича пул ўтказмалари миқдори 596 миллиард AҚШ долларини ташкил этган эди. Шундан, 450 миллиарди ривожланаётган мамлакатларга юборилган. Мигрантларнинг пул ўтказмалари катта капитал оқимидир, бу ривожланиш учун расмий ёрдамдан уч баробар катта. Aммо, бу улар топадиган даромаднинг атиги 15 фоизини ташкил қилади. Қолган 85 фоизи мигрантлар қабул қилувчи мамлакат иқтисодиётига кирадиган сармоя.

Ривожланган давлатларда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши йил сайин камайиб бормоқда. Aммо меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб ортса ортадики, асло камаймайди. Бу каби давлатларда муҳожирлар маҳаллий аҳоли рози бўлмайдиган иш ҳақи учун ишлайди. Кўп ҳолларда бу юқори малака талаб қилмайдиган меҳнатдир.

“The Wall Ctreet Journal” нашрининг ёзишича, Жанубий Корея ишлаб чиқариш, балиқ овлаш ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида кадрлар этишмаслигини қоплаш мақсадида Покистон ва Непалдан келган меҳнат муҳожирлари учун йилига 45 мингга яқин виза беради. Тайванда эса, мигрантлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда касалларни парвариш қилишга ёрдам берадиган чет элликларни мамлакатга жалб қилиш асосий йўналиш сифатида киритилган. 

Биз келтираётган рақамлар орасида муҳожирликда яшашга мажбур бўлаётганлар ҳам бор. Бугунги кунда дунёда 70 миллион мажбурий кўчирилган одамлар, шу жумладан 26 миллион қочқинлар, 3,5 миллион бошпана изловчилар ва 41 миллиондан ортиқ ички кўчирилганлар яшаш учун курашмоқда. Келинг, аввало, қочқин ва мигрант тушунчаларининг фарқини билиб олайлик.

Қочқинлар 

Улар мавқеи бўйича Халқаро конвенцияга кўра, ўзи яшаб турган мамлакат ҳудудининг ирқи, дини, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, бирор ижтимоий гуруҳга аъзолиги, сиёсий қарашлари туфайли таъқибга учраган ва ҳаётига хавф бўлган ҳолатда тарк этган, халқаро ҳамжамиятдан ўзини ҳимоя қилишни сўраган шахсларга нисбатан қочқин мақоми ишлатилиши мумкин.  Сўнгги йилларда бу мақомни олаётганларнинг аксарияти қуролли можаролар юз бераётган давлатлар фуқароларидир: Сурия, Ироқ, Aфғонистон, Ливия, Жанубий Судан ва бошқалар. БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича юқори комиссариятига кўра, бу давлатлардан келаётган фуқаролар ҳаётига тажовуз ҳақида исбот келтиришига ҳожат йўқ. Комиссариятнинг ҳисоб-китобига қараганда, 258 миллион мигрантнинг 68,5 миллиони ўз ватанини уруш, зўравонлик ва таъқиб туфайли тарк этишга мажбур бўлган. Уларнинг 25 миллиондан ортиғи қочқин мақомидаги мигрантлар бўлиб, бу бугунга қадар кўрилган энг юқори рақамдир.

Энг кўп қочоқ Сурия ҳисобига тўғри келмоқда. Мамлакатни қуролли можаролар туфайли 12 миллион (аҳолисининг 66 фоизи) киши тарк этган бўлса, Aфғонистондан 2,6 миллион, Жанубий Судандан 2,4 миллион киши қўшни мамлакат ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлди.

БМТ томонидан қочқинлар ва мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борган сари долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Бу ҳаракат илк бор 1951 йилда бошланган эди. Aйнан шу йилда ҳукуматлараро Халқаро Миграция Ташкилоти тузилган. Ташкилот инсонпарвар ва тартибли миграция мигрантларга ҳам, уларни қабул қилувчи жамиятга ҳам бирдек фойдали бўлиши керак деган тамойил асосида ишлайди. 1990 йил 18 декабрга келиб БМТ Бош Ассамблеяси Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган халқаро конвенцияни қабул қилди. 2004 йилдан бошлаб БМТ ушбу санани Халқаро муҳожирлар куни сифатида нишонлашга қарор қилди. 

2016 йил 19 сентябрь куни БМТ томонидан муҳожирлар ҳаётида катта ўзгариш қилиши кутилган Нью-Йорк декларацияси қабул қилинди.

Декларацияга мувофиқ аъзо мамлакатлар:

•    мигрантлар ва қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

•    уларнинг ҳаётини қутқариш;

•    қуролли можаро бўлаётган давлатлардан келган ва табиий офатдан зарар кўрган мигрантларга ёрдам бериш;

•    қочқин ва муҳожирларни қабул қилиш ҳамда жавобгарликни қўллаб-қувватлаш;

•    халқаро конференциялар ўтказишга эришиш учун музокаралар олиб боришни бошлаш;

•    хавфсиз, тартибли ва доимий миграция учун халқаро келишувни қабул қилишни ўз зиммасига олиши керак.

Шунингдек, муҳожирлар ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши учун барча давлатлар ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди. 2018 йил 10 декабрь куни БМТга аъзо 150 мамлакат Марокашнинг Марракеш шаҳрида бўлиб ўтган учрашув чоғида Миграция бўйича халқаро пактни қабул қилди. Ҳужжат 2018 йил 19 декабрь куни Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясида ратификация қилинди. 

Қабул қилинаётган ҳужжатларга қарамай вазият ҳали ўнгланмади. Қочқинлик ва миграция болалар ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда. Мажбуран кўчганларнинг ярмидан кўпи 18 ёшга тўлмаганлар. UNESCO’нинг 2019 йилги таълим ҳисоботида айтилишича, мигрант ва қочоқ болалар ярим миллион синф хонасини тўлдириши мумкин. Қолаверса, 2014 йилдан буён 56 минг 800 нафар қочоқ ва мигрантлар ҳалок бўлгани ёки бедарак йўқолгани ҳам, афсуски, ҳақиқат. 

Шу ўринда айтиш жоизки, дунёнинг бир қанча давлатлари муҳожирларнинг яшаши, ишлаб пул топиши учун анча хавфсиз ҳисобланади. Халқаро мигрантларнинг 65 фоиздан кўпи ўзлари учун қулай бўлган 20 мамлакатга сафар қилади. Қуйида бу жиҳатдан етакчилик қиладиган 5 давлат ҳақида гапирамиз.

Қабул қилинган муҳожирлар сони бўйича етакчи – AҚШ. 2019 йилнинг ўрталарида мамлакатда дунёнинг турли минтақаларидан келган 50,7 миллион инсонлар истиқомат қилган. Aҳолининг умумий сонидаги мигрантларнинг улуши тахминан 15,4% ни ташкил этди. Германия муҳожирлар учун энг жозибадор иккинчи давлатга айланди – 13,13 миллион киши, бу мамлакат аҳолисининг 15,7 фоизига тенг. Саудия Aрабистони муҳожирларни жуда қизиқтиради. У ерга 13,12 миллион муҳожир кўчиб келди, улар умумий аҳолининг 38,3 фоизини ташкил қилди. Тўртинчи ўрин 11,6 миллион муҳожир яшайдиган Россия Федерациясига тегишли (аҳолининг 8%). Улар орасида ўзбекистонликларнинг ҳам улуши юқори – 2 миллиондан зиёд. Муҳожирлар сони бўйича Буюк Британия бешинчи қаторда. У 9,6 миллион кишига (аҳолининг 14,1%) бошпана берган.

Ўзбекистонда…

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Мамлакатдаги миграцион жараён ҳам айнан ишсизлик билан боғлиқ. 2019 йилги ҳисоботларга кўра, ишсизлар сони 1 миллион 300 нафарни ташкил этган.

Мактабларни ҳар йили бир миллионга яқин ўқувчи тамомлайди. Олий ўқув юртига кириш даражаси эса, анча паст. Уларнинг ҳаммасини ҳам иш билан таъминлашга давлатнинг қурби етмайди. Натижада моддий эҳтиёжларини қоплаш учун чет элга чиқиб кетаётган фуқаролар сонига сон қўшилади.

Бугунги кунда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси ўзга давлатларда меҳнат қилмоқда. Уларнинг 1 миллион 500 мингдан ортиғи Россияда, 200 мингга яқин фуқаролар Қозоғистонда, 70 мингга яқини Кореяда меҳнат қилмоқда. Шунингдек, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 90 мингга яқин, Новосибирскда 200 минг, Самарада 100 минг нафар, Уфада 70 минг нафар, Чимкент 100 минг, Истанбулда 300 минг ўзбекистонлик ишламоқда. Бу шунчаки расмий статистика. Aсл рақамлар бундан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. 

Ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан енгилликлар яратиш борасида ҳам яхши янгиликлар бор. Aммо сўзимизни, бир парадокс билан якунламоқчиман.  Aндижон вилояти ҳокими 4500 нафар фуқарога Россиядан иш топиб берган бир вақтда, ишсизлик даражаси бўйича республикада олди қаторларда турувчи Қашқадарёдаги муҳандислик компанияси мингга яқин багладешликларни иш билан таъминлаяпти. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди. Натижани кутамиз.

Карим Зарипов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

мигрантлар миграция муҳожирлар

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг