Москвада полиция ходимлари икки нафар ўзбекистонликни калтаклади

Олам 6141

Москвада Россия ИИВнинг Северное Бутово тумани бўйича бўлимининг икки ходимига нисбатан текширув ишлари бошланди. Полиция ходимлари ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳужжатини текшираётганда кўчада уларни калтаклаган.

9 март куни икки нафар Ўзбекистон фуқароси – 28 ёшли Авазбек Сулаймонов ва Суннатбек Назиров кўчада полиция ходимлари томонидан ҳеч бир сабабсиз тўхтатилган. Қисқа баҳс мунозарадан кейин уларни ушлаб, калтаклашган ва Северное Бутово туман ИИБга олиб боришган.

Икки полиция ходими “миграция қонунчилиги бузилган” деб тахмин қилиб, ўзбекистонлик мигрантлардан ҳужжатини кўрсатишини сўраган. Бироқ мигрантлар бу полициянинг эмас, миграция хизматининг иши эканини айтиб, қаршилик кўрсатган.

Полиция ходимлари эса ўзи айтганида туриб олган. Оқибатда мигрантлар ҳужжатини кўрсатган. Ҳужжатларни кўриб чиққач, полиция ходимлари миграция картасида амал қилиш муддати иккита жойда кўрсатилиши кераклигини ва уларни базадан текшириш кераклигини айтиб, ўзбекистонликлардан қўполлик билан хизмат машинасига ўтиришни сўраган. Ўзбекистонликлар бунинг учун асос кўрсатишни ва баённома тузишни талаб қилган. Полиция ходимлари шундан сўнг куч билан уларни машинага ўтказган ва ИИБга олиб кетган.

Мигрантлар ўша куни соат 17:21 да ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашуви билан озодликка чиқарилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×