Ўзбекистонда мониторинг қилинадиган оффшор ҳудудлар рўйхати кенгайтирилди

Жамият

image

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда “Норма” хабар берди.

Биринчидан, банк филиаллари ва божхона хизмати органларининг ҳудудий бошқармаларидан ахборот оладиган солиқ органлари аниқлаштирилди - ҳудудий давлат солиқ бошқармалари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси.

Иккинчидан, мезонлардан бирига тузатиш киритилди – резидент-жисмоний шахс томонидан жисмоний шахсларнинг хориждаги ҳисобварағига пул маблағлари ўтказмаси суммаси. Агар бир календарь йили давомида ўтказма суммаси 100 млн сўмдан ортиқ бўлса (илгари – экв. 10 минг доллар) банклар хабар беришлари керак.

Учинчидан, валюта операциялари тўғрисидаги маълумот илгаригидек йил бошидан ўсиб бориш тартибида эмас, балки ҳар ҳисобот ойи учун алоҳида тақдим этилади.

Тўртинчидан, божхона органлари ҳам олиб кирилаётганда, ҳам олиб чиқилаётганда (илгари – фақат олиб кирилаётганда ва оширилганда) аниқланган товарнинг фактура қийматини асоссиз равишда ошириш ва камайтириш ҳолатлари тўғрисида хабар беришлари керак.

Бешинчидан, улар билан валюта операциялари (импорт бўйича тўлов, банк ҳисобварақларига ўтказиш, таҳр.) мониторинг қилиниши лозим бўлган оффшор ҳудудлар рўйхати кенгайтирилди. Унга Америка Самоаси, Аруба, Гватемала, Доминика, Кирибати, Монако, Норманд Олдерни ороли, Питкэрн, Сан-Марино, Сен-Мартен (Синт-Мартен), Уругвай ва Филиппин киритилди.

Олтинчидан, мониторингнинг янги механизми жорий этилди. Олинган маълумотларни ўрганиш чоғида солиқ органлари электрон ахборот базаларидаги ҳамда ўзларида мавжуд бошқа маълумотларга таянадилар. Валюта операцияларини амалга ошириш тартиби бузилганлик ҳолатлари аниқланганда, хўжалик юритувчи субъектга сўровнома юборилади:

•    электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинетига – ўқиб чиқилгандан кейин, лекин ушбу сўровнома жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади;
•    агар субъектнинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, почта орқали буюртма хат билан юборилади - у жўнатилганидан сўнг 5 кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Сўровномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва ахборотлар солиқ органига сўровнома олинган кундан эътиборан 5 иш куни ичида тақдим этилиши лозим.

Улар тўлиқ бўлиши керак, акс ҳолда солиқчилар қўшимча ахборот ва ҳужжатларни тақдим этиш юзасидан янги сўровнома юборади. Айрим ҳолларда қўшимча ахборот банклар ва божхона органидан сўраб олинади.

Мониторингни амалга ошириш жараёнида ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмайди ва хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти тўхтатилмайди. Агар мониторинг:

•    ҳуқуқбузарлик фактлари содир этилганлигини тасдиқласа - солиқ  органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилади ёки материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади;

•    жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаганда - солиқ органлари бу ҳақда 3 кун муддат ичида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ёзма хабар беради.


Мақола муаллифи

Теглар

валюта оффшор ҳудуд

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг