Мирзиёев Жапаров билан муҳим масалаларни келишиб олди: транспорт ва сув-энергетика соҳалари музокара марказида

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Музокараларда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилган.

Таъкидланишича, бу борадаги кўрсаткичлар ижобий динамикага эга. Хусусан, сўнгги тўрт йилда ўзаро савдо беш баробардан зиёдга ўсган ва 900 миллион доллардан ошган.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш стратегик шерикликнинг устувор йўналиши эканини таъкидлаган. Савдо айланмасини диверсификация қилиш ва номенклатурасини кенгайтириш орқали келгуси йилларда унинг ҳажмини икки баробар кўпайтириш имконияти борлиги қайд этилган.

Шу мақсадда икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган, шу жумлдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлашга келишиб олинган. Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётгани эътироф этилган. Келишувларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат раҳбарларига комиссиянинг навбатдаги йиғилишини тез орада ўтказиш вазифаси қўйилган. Савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинган. Булар, хусусан, Қирғизистонда енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший техникаларни йиғишни ташкил этиш, шунингдек, чегараолди ҳудудларда тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалардир.

Эълон қилинган капитали 200 миллион АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон – Қирғизистон инвестиция жамғармаси ташкил этилиши белгиланган, икки мамлакат ҳукуматларига унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган.

Президент Матбуот хизматига кўра, транспорт соҳаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш – Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ташқи бозорларга яқин ва самарали чиқишни таъминлайди. Айниқса, “Ўзбекистон –  Қирғизистон – Хитой” темир йўлининг қурилиши стратегик аҳамиятга эга.

Президентлар мазкур йўлнинг қисқа вақтда барпо этилиши икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келиши, минтақанинг транзит салоҳиятини юзага чиқариб, жозибадорлигини оширишини алоҳида таъкидлаган. Шу боис, ушбу муҳим лойиҳа бўйича ишларни биргаликда давом эттиришга келишиб олинган.

“Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашғар” халқаро мультимодал йўналиши ҳам савдо ҳажми ортишига хизмат қилади. Шунингдек, икки давлат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва авиақатновларни қайта тиклаш юк ташиш, йўловчи ва туристлар оқимининг кўпайишида муҳим омил бўлади.

Алоқаларнинг яна бир катта йўналиши – ҳудудлараро ҳамкорлик. Бу борада 2017 йил 5 сентябрда ҳукуматлар ўртасида битим ҳамда икки мамлакат вилоят ва шаҳарлари ўртасида келишувлар имзоланган. 2018 йилда Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши тузилган.

Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни яна фаоллаштириб, эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, чегараолди вилоятларни комплекс ривожлантириш, давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу келишувларни ташриф арафасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Ўш, Жалолобод, Боткен ва Норин вилоятлари томонидан келишиб олинган “йўл хариталари” доирасида амалга оширилади.

Томонлар Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарор механизмларини ишлаб чиқишга келишилди. Ўзбекистон Қирғизистонда гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишда қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Фан, таълим, маданият, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирилди. Давлат раҳбарлари маданий алмашинувлар икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, маданият кунлари ва бошқа гуманитар тадбирларни қайта тиклашга келишиб олди.

Қирғизистон Президенти коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида, жумладан, дори-дармон ва тиббиёт воситалари етказиб бериш борасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг