Мирзиёев Навоийдаги “Ишга марҳамат” мономарказига борди

Жамият

image

Бугун, 13 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказини бориб кўрди.

Марказ давлат раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Бу ерда меҳнат бозори талаблари асосида хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва техника соҳалардаги ўттизга яқин касбга тайёрлаш йўлга қўйилган. Ўқув ва машғулот хоналари тегишли ускуна, компьютер, муляж ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Давлат раҳбари марказдаги машғулотларни кўздан кечирди, ёшлар билан суҳбатлашди.

“Ишсиз фуқароларимизни касб-ҳунарли қилиб, ҳаётга йўлланма бериш учун мана шундай шароитларни ташкил қилаяпмиз. Бундан унумли фойдаланиб, касбни яхши ўргансангиз, сизлар иш эмас, иш сизларни излайди, даромадингиз юқори бўлади. Нечa ёшга киришидан қатъи назар, ўқиган, изланган, касб эгаллаган одам қадрли бўлади. Мен сизларнинг шундай қадрли бўлишингизни истайман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқларида малакали мутахасисларга талаб ошиб бораётгани, бу ерда ўқиган ёшлар келгусида ишга олиниши қайд этилди. 

“Жуда катта-катта корхоналар қуряпмиз, кўпида чет элдан келган мутахассислар ишлаяпти. Бизнинг мақсадимиз – ўзимизнинг ёшларни ишлатиш, халқимизга ойлик бериш. Бунинг учун вақтни бекор ўтказмай, ўзларингни ҳам, устозларингни ҳам қийнаб, касбни мукаммал эгаллашингиз керак”, дейди Президент.

Муассаса давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Давлат шароит яратиб, илмий ва моддий жиҳатдан таъминлайди. Машғулотларни амалиётчилар, тадбиркорлар, заводлар вакиллари олиб боради ва кейинчалик битирувчиларни ишга олади. Мономарказ дипломи касб-ҳунар мактаблари дипломи билан бир хил даражага эга.

Шунингдек, марказда инглиз, рус, япон, корейс тилларини ўқитиш курслари ҳам очилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг