Мирзиёев Хитойга ҳамдардлик мактубини йўллади

Жамият

image

Аввалроқ, 5 сентябрь куни Хитойнинг жануби-ғарбидаги Сичуан провинциясида 6,8 магнитудали зилзила қайд этилгани, унда 65 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Хитойда содир бўлган табиий офат оқибатида кўплаб инсонларнинг вафот этгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов Telegram-канали орқали хабар берди. 

“Хитойнинг Сичуань музофотида кучли зилзила оқибатида кўплаб одам нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик йўллади.

Бутун Хитой халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар шифо топишини тилади”, дейилади хабарда. 

Маълумот учун, Хитой сейсмология маркази 5 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 12:52да 1,1 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Гардзе-Тибет автоном вилоятида кучли силкинишларни қайд этди. Зилзила эпицентри Лудин округида, 16 км чуқурликда жойлашган.

6 сентябрь ҳолатига табиий офат қурбонлари сони 65 нафарга етди. Гардзе-Тибет автоном вилоятида қутқарувчилар 37 кишининг жасадини топган, яна 12 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланяпти. Яан шаҳар округида 28 киши табиий офат қурбони бўлган. Ушбу ҳудудларнинг 248 нафар аҳолиси жабрланган, уларнинг чорак қисми оғир тан жароҳати олган.

Кеча кечаси эълон қилинган маълумотга кўра, вилоят ҳукумати 50 минг кишини вақтинча эвакуация қилган. Хитой ҳукумати қутқарув ишларини олиб бориш ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 50 миллион юан (тахминан 7,25 миллион доллар) ажратган.

Сичуан провинциясида йўллар, электр узатиш линиялари ва коммуникация инфратузилмаси шикастланган. Қутқарувчилар вайроналар остидан одамларни қидиришда давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

83

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг