Мирзиёев Ғани билан Ўзбекистонни денгизга олиб чиқадиган темир йўл лойиҳасини муҳокама қилди

Жамият

image

Бугун, 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қайд этилишича, мулоқот чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Президент Ашраф Ғани давлат раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирди.

Президентлар Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Трансафғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Президентлар “Йўл харитаси” ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини бердилар.

Ўзбекистон ва Афғонистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғани

Баҳолаганлар

278

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг