Мирзиёев Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш лойиҳаси билан танишди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, лойиҳалардан бири Чирчиқ дарёси бўйида турли инфратузилма объектлари барпо этишга оид. Мазкур дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этади. Лойиҳага кўра, дарё ўзани қисқартирилиб, қирғоқлари ободонлаштирилади. Бунинг эвазига очиладиган майдонларда замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Яна бир лойиҳа Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтиришга қаратилган. Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган. Пойтахт ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.

Хабарга кўра, бу муҳандислик ечими  автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштиради. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди. Бу ердаги қулайлик яқин атрофдаги кўчаларга ҳам таъсир қилиб, тирбандлик камайишида муҳим омил бўлади.

Шунингдек, давлат раҳбарига Тошкент шаҳридаги Технопаркда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдим қилинди.

Хусусан, ушбу ҳудудда йилига 1 миллион дона кир ювиш машиналари, 15 минг тонна мис қувур, 3000 дона саноат сув иситиш ускуналари, 75 минг дона савдо совутгичлари ва музлатгичлари, 1 миллион квадрат метр HPL-панеллар ва полиизоцианурат қатламли сэндвич-панеллар, 30 минг тонна базальт тошдан изоляция маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар ташкил этиш режалаштирилган.

Жорий йил охиригача ишга тушириладиган лойиҳалар натижасида 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Magic City маданият ва истироҳат боғининг иккинчи босқичи доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Лойиҳа концепциясига мувофиқ боғ ҳудудида сунъий кўл ташкил этилади ва унинг атрофида Ўзбекистоннинг тарихий ва диққатга сазовор масканларига бағишланган тематик шаҳарча қурилади.

“Президентимиз буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз мутахассислари афғонистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мақбарани жойида ўрганди. Ўрганишлар натижасида анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилди”, дейилади хабарда.

Тақдим этилган лойиҳага кўра,  мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сузлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади.

Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади. Кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.

Давлат раҳбари лойиҳалар билан танишиб, мутасаддиларга уларни сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг