Миллий тест тизими саволлари Интернетга сиздирилди. ДТМ ҳолатга изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқувчиларга умумтаълим фанлардан миллий сертификат имтиҳонларининг жавоблари сотилгани ҳақида хабар тарқалди. Бундан ташқари, бухоролик фуқаролар тeст жавобларини ўқувчиларга ёдлатгани айтилмоқда. Давлат тест маркази ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанларидан 2 маротаба миллий сертификат учун тест синовлари ташкил этилди. Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув камералари остида ўтказилди.

Тест материаллари Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари томонидан тест синови ўтказиладиган биноларга махсус транспорт воситалари орқали махфийлик таъминланган ҳолда тест синови бошланишидан бир соат олдин етказилган. Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари муҳрланган махсус қоплардаги тест материалларини Давлат тест маркази ходимларидан қабул қилиб олди ва барча материаллар тўлиқ ҳолда Давлат тест марказига қайта етказилиши таъминлаган.

“Ижтимоий тармоқларда ёзилган мақолаларда келтирилган кимё фанидан тест топшириқларининг айримлари 11 май куни ўтказилган жараёнга тегишли бўлиб, 9 июнь куни ўтказилган имтиҳонда мазкур тест топшириқларидан фойдаланилмаган. Биология фани бўйича келтирилган тест топшириқлари ҳақиқатан ҳам 10 июнь куни ўтказилган тест синовларига оид. Бироқ у тест синови ўтказиб бўлинганидан кейин тест синовига кирган шахслар томонидан ёдлаб чиқилган саволлар асосида жуда кўплаб хатолар билан комьпютерда терилганлиги, расмли тест топшириқларида расмларнинг келтирилмаганлиги аниқланди.

Олинган охирги маълумотларга кўра, айрим ўқув марказлари томонидан “бу саволлар тушади” баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилганлиги маълум бўлди”, дейилади ДТМ хабарида.

Маълум қилинишича, бугунги кунда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ДТМ тест

Баҳолаганлар

446

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг