Миллий гвардия ҳарбийлари фуқарони мажбурлаб олиб кетаётгани акс этган видеога изоҳ берилди

Жамият

Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Шайҳонтоҳур туманида бир гуруҳ Миллий гвардия ходимлари ёш йигитни ушлаб, олиб кетмоқчи бўлишаётгани, ён-атрофдаги одамлар эса бунга кескин норозилик билдираётгани акс этган видео тарқалганди.

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур видеодаги ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги “Эски жува” деҳкон бозори ҳудудида жамоат тартибини сақлаш юзасидан хизматга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига бозорга харидор сифатида келган фуқаро мурожаат қилиб, ушбу бозор ҳудудида пиротехника воситаси сотиб олиш учун сотувчига 260 минг сўм пул берганини, лекин сотувчи келишилган маҳсулотларни бермасдан, қочиб кетгани ҳақида шикоят қилган.

“Ушбу ҳолатни кузатиб турган бир гуруҳ шахслар мурожаат этган фуқарога нисбатан шу жойнинг ўзида ҳакоратли сўзлар ишлатиб, ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари билан пиротехника воситаси сотувчиси тарафдорлари эканлигини аён қилишган.

Вазиятни енгиллаштириш учун Миллий гвардия ходимлари томонидан жабрланувчи фуқарони бозор ҳудудидан олиб чиқиб, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ИИО таянч пункти масъул ходимига топширилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бозор ҳудудида жанжал кўтарган бир гуруҳ фуқароларни тартибга чақиришга ҳаракат қилганлар. Жамоат тартиби қоидаларига риоя қилмаган ушбу фуқаролардан бири Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ҳақоратли сўзларини давом эттириб, атрофдагилар диққатини ўзига жалб қилган ҳолда хизмат мажбуриятини бажараётган ҳарбий хизматчилардан бирига қўл кўтарган.

Шу боис Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқарога нисбатан куч ишлатишга мажбур бўлиб, ўрнатилган тартибда ИИО таянч пунктига олиб бориб топширганлар.

Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи У.Ибрагимов эканлиги аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий гвардия

Баҳолаганлар

1091

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг