“Милан” мураббийи футболга баскетбол ва футзал қоидаларини олиб киришни таклиф қилди

Спорт 1248
image

Италиянинг “Милан” клуби бош мураббийи Стефано Пиоли футболга қизиқарли қоидаларни киритишни таклиф қилди. Унинг фикрича, футболда футзалдаги каби айрим қоидаларни ҳам жорий қилиш зарар қилмайди.

“Бешта алмаштириш қоидаси? Бу жуда муҳим янгилик бўлди. Мен бу ҳақда анчадан бери гапириб келяпман. Айниқса, ҳозиргидек ҳар 3 кунда ўйин ўтказишга тўғри келаётган пайтда бу жуда асқотиши аниқ. Ахир гап футболчиларнинг майдонда неча дақиқа ўйнашида эмас, балки улар намойиш этадиган сифатда.

Агар ихтиёр менда бўлганида, футзалдаги каби тўп майдонни тарк этганида ўйин вақтини тўхтатиб қўйиш таклифини берган бўлардим. Бундан ташқари, тайм-аут имкониятини футболга киритиш зарар қилмайди”, дейди Пиоли.

Маълумот учун, “Милан”нинг Италия А серияси 4-туридан ўрин олган “Ювентус”га қарши баҳси 95-дақиқа давом этган бўлса-да, ўйиндан кейинги чиққан статистикага кўра, тоза ўйин вақти бор-йўғи 48 дақиқадан иборат бўлган.

“Агар янада ҳужумкор ўйин томоша қилишни истасак, баскетболдаги қоидани футболга жорий қилинг. Яъни жамоа тўп билан майдоннинг рақиб томонига ўтганидан сўнг, тўпни ўз ярим майдонига узатиш мумкин эмас”, дейди италиялик мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, Пиоли бошқарувидаги “Милан” жорий мавсумда 5 та ўйиндан сўнг, 13 очко жамғарган ҳолда А серия жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган мавсумда миланликлар узоқ вақт жадвалда пешқадамлик қилганига қарамай, якунда кумуш медалларни қўлга киритишган эди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3
t
×