Месси ПСЖдаги илк матбуот анжуманида: “Келаси мавсумда бизни ЕЧЛ чемпионлиги кутяпти”

Спорт 2391
image

Лионель Месси ПСЖдаги илк матбуот анжуманида қатнашди. Анжумандаги савол-жавобни тўлиғича шу хабар ичида ўқиб чиқишингиз мумкин.

“Жуда хурсандман. “Барселона”дан қай тарзда кетганимни ҳамма билади. Аммо ПСЖга ўтганимдан кейин ўзимни бахтли ҳис қиляпман.

Машғулотларни бошлашни сабрсизлик билан кутяпман, чунки ўз жамоадошларим билан яқиндан танишишни ва фаолиятимнинг янги босқичини бошлашни жуда хоҳлайман. Таркибимиз жуда ажойиб. Биз барча совринлар учун курашишга тайёрмиз. Шунинг учун ҳам бу клуб билан шартнома имзоладим”.

— ЕЧЛда ПСЖни келаси мавсум нималар кутяпти?

“Чемпионлар Лигасини ютиш қийин, бунга кучли таркиб керак. Омад ҳам муҳим омилдир. Баъзида дунёнинг энг яхши жамоаси ҳам соврин юта олмайди. Биз эса Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқмоқчимиз. Ўйлайманки, мақсадимизга эришамиз. ПСЖ жуда кўп нарсага қодир, келаси мавсумда бизни чемпионлик кутяпти, деб умид қиламан”.

— Жамоадаги энг яқин дўстларингиз ким, бошқалар билан ҳам танишдингизми?

“Кийиниш хонасида кўплаб дўстларим бор. Жамоамизга назар ташласангиз, мақсадимизга эришиш учун кўп имкониятлар борлигини кўрасиз. Ҳаммамиз бир нарсани хоҳлаймиз. Умид қиламанки, биз биргаликда мақсадимизни амалга ошира оламиз. Жамоадаги футболчилар бу ерга келишимда муҳим роль ўйнади. Дўстларим кўп, биз яна биргамиз — мен, Неймар, Паредес ва ди Мария. Албатта, улар менинг бу ерга келишимда муҳим роль ўйнади”.

— Қачондир “Барселона”га қарши ўйнашингиз мумкин, бунга қандай муносабат билдирасиз?

“Биз ПСЖ билан бир хил мақсадларга эгамиз. Мен қачондир “Барса”га қарши ўйнай оламанми, билмайман. Бир томондан, бу жуда яхши бўларди, лекин уйда бошқа жамоа сафида ўйнаш... ғалати... Ўша кун келса, нимадир дейишим мумкин, лекин ҳозир буни тасаввур қилолмайман”.

— Франция чемпионати даражаси ҳақида фикрингиз?

“Бу ерда менинг дўстларим ўйнайди, баъзида мен уларнинг ўйинларини кузатардим. ПСЖ ёрдамида Франция чемпионати катта ютуқларга эришди. Қолган клублар ПСЖга қарши курашиш учун ривожланишга ҳаракат қилмоқда. Мен бу чемпионатни биламан. Бу мен учун янги тажриба бўлади. Биз билан бирга бўлинг ва чемпионатни томоша қилинг, ўйлайманки, бу сизни зериктириб қўймайди”, дейди Месси.

Маълумот учун, Франция чемпионати 3 кун аввал, 8 август куни старт олган. Илк турда ПСЖ дебютант “Труа” клубига қарши тўқнаш келган ва унда 1:2 ҳисобида ғалабани қўлга киритган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 3
t
×