Марказий Осиё раҳбарлари Янги йил табригида нималарга эътибор қаратди?

Жамият

image

Янги йил остонасида давлат раҳбарлари ўтган йил якунларига тўхталиб, истиқболдаги режаларни белгилайдилар ёки шунчаки, халқни айём билан муборакбод этадилар.

Янгиланаётган Марказий Осиё давлатлари Президентлари ўз фуқароларига Янги йил остонасида қандай тилакларни билдиришди? "Спутник" нашри Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларининг байрам нутқида асосий урғу нимага қаратилганини солиштирди.

Ўзбекистон: миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилади

Халқлар дўстлиги – бу шунчаки оддий гап эмас. Айнан халқларнинг жипслиги, дўстлиги туфайли Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан Ғалаба қозонилган. 2020 йилда ҳам дунё мамлакатлари бошига ёпирилган офат - коронавирус пандемияси халқлар ўртасидаги дўстлик, инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳамкорлик нақадар муҳимлигини кўрсатиб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил остонасида нуронийлар, хотин-қизлар, навқирон ёшлар билан биргаликда кўп миллатли Ўзбекистон халқига табрик йўллар экан, Янги йилнинг асосий вазифаси юртда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувликни, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бўлишини қайд этди.

Коронавирус пандемияси дунё қатори Ўзбекистон учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Мирзиёев глобал инқироз инсониятни жиддий синовдан ўтказаётганини айтди. "Аммо шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мард ва олижаноб Ўзбекистон халқининг матонати, фидокорона меҳнати билан барча соҳаларда катта ўзгаришлар амалга оширилган", деди давлат раҳбари.

2020 йил жамият маънавий-маърифий ҳаётида ҳам муҳим воқеаларга бой бўлгани қайд этилди: хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик янада кучайган. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.

2021 йил Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинган. Шу боис, Президент таъкидига кўра, ёшлар, хотин-қизлар, кекса кишиларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш эътибор марказида бўлади. Соғлиқни сақлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари янги босқичга кўтарилади.

Янги йилда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда бошлаган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилади. 

Халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият берилади.

2021 йилда давлат мустақиллигига 30 йил тўлади. Президент яна бир бор ушбу шонли сана муносиб нишонланишини таъкидлади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган улкан ишлар қатъий давом эттирилади, деб ваъда берди Мирзиёев.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу йил Янги йилга табрик мурожаатни икки тилда: рус ва ўзбек тилларида йўллади. Президентнинг икки тилдаги чиқиши ўзбек сегментидаги журналистлар, блогер ва фаол фойдаланувчилар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон: Президент халқни электр энергиясини тежашга ва фидойилик билан меҳнат қилишга чақирди

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз байрам мурожаатини пандемия оқибатлари ҳақидаги гаплар билан бошлади. 2020 йил инсоният тарихида энг мураккаб давр сифатида муҳрланишини таъкидлади. Раҳмон коронавирус пандемияси миллиондан зиёд инсонлар ҳаётини олиб кетганини, жаҳон иқтисодиётига қақшаткич зарба берганини қўшимча қилди. Аммо, Тожикистон ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли пандемия оқибатларини юмшатишга муваффақ бўлган.

2020 йилда мамлакат Ҳукумати мавжуд ресурсларни фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун қулай шароитларни яратишга йўналтирган.

Тожикистон Президенти ҳам Ўзбекистон Президенти каби 2021 йилда буюк айём – мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланишига эътибор қаратди.

“Ишончим комилки, ватанпарвар ва доимо бунёдкорлик сари интилаётган халқ ушбу тарихий ва тақдирли санани тожик давлати учун муҳим ютуқлар билан кутиб олади”, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон етакчиси ўз табрик-мурожаати давомида халқни электр-энергияси бўйича тежамкорликка чақирди. “Мулк шаклидан қатъий назар ҳар бир оила, ҳар бир ташкилот ва муассаса, ҳар бир корхона ва цехда қишда электр энергиясидан тежамкор ва оқилона фойдаланишга устувор аҳамият беринг”, деди етакчи.

Тожикистон Президенти қатор мутахассислар, халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТнинг етакчи экспертлари таҳлилларига таянган ҳолда 2021 йилда сайёра миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан охирги 100 йилда энг мураккаб йиллардан бири бўлишини қайд этди.

Шу боис, Раҳмон, баҳорги экин ишларига ҳозирдан ҳар томонлама тайёргарлик кўриш лозимлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлиги учун сифатли уруғлардан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратишга чақирди. Озиқ-овқат нархлари кўтарилиб кетмаслиги, маҳсулотлар тақчиллиги муаммосига дуч келмаслиги учун бу йил фидойилик билан меҳнат қилишимиз лозим, деди халққа мурожаатида Тожикистон етакчиси.

Қирғизистон: Президент в.б. ўз халқи олдида узр сўради

Давлат раҳбари вазифасини бажарувчи Талант Мамитов Янги йил мурожаати билан чиқиш қилар экан, йил мураккаб келганига урғу берди.

У шунингдек, қирғизистонликлардан пандемия вақтидаги воқеалар ва иқтисодиётдаги пасайишлар учун узр сўради.

“Ҳеч бир давлат пандемияга тайёр эмасди, шу жумладан биз ҳам”, деди коронавирус туфайли ўз яқинларидан жудо бўлган оилаларга ҳамдардлик изҳор қилар экан, Қирғизистон Президенти в.б.

Мамытов йил мураккаб келганини қайд этди. Мамлакат раҳбари вазифаси бажарувчисининг фикрича, турли баҳслар, келишмовчиликлар, халқ намойишлари фақат бу йил эмас, балки ўн йиллик давомида содир бўлиб келган.

Аммо, ҳамма битта нарсани – гуллаб-яшнаётган Қирғизистонни кўришни истайди, деди Мамытов.

Расмий статистик маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2020 йилда коронавирус инфекциясидан 1 356 киши қурбон бўлган. 

Туркманистон: давлат - фуқаролар учун

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов туркманистонликларни Янги йил билан қутлар экан, шарқ тақвимига мурожаат қилди.

“Туркманларнинг севимли жониворларидан бири бу сигирдир ва бу бежиз эмас, бунинг мазмуни шундаки, инсон ўзини боқадиган уй-ҳайвонларига чин дилдан муносабатда бўлади. Сигир боқувчи оила эҳтиёж нелигини билмайди, чунки у уйга бойлик олиб келади. Шу сабабли, Сигир йилиша фаровонлик келтирадиган йил деб қаралади”, деди Бердимуҳамедов.

2020 йил Бердимуҳаммедовнинг таъкидлашича, миллий иқтисодиётда стабилликни сақлаб қолишга муваффақ бўлинган.

Айни вақтда Туркманистонда халқаро аҳамиятга молик қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу лойиҳалар мамлакатни минтақавий ва минтақалараро транспорт-коммуникация тизимининг янги муҳим бўғинига айлантиради, деб қайд этди Туркманистон Президенти.

Миллий парламентнинг янги, икки палатали тизимига ўтиш Туркманистон ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаши ҳақида тўхталинди.

Миллатга Янги йил мурожаатида Туркманистон Президенти халқ соғлиғи муҳофазаси ва бахтли ҳаётини таъминлашда спорт ва жисмоний тарбия катта аҳамиятга эгалигини қайд этди.

Бердимуҳаммедов Туркманистонда ёшларнинг муносиб таълим олиши учун энг яхши шарт-шароитлар яратилаётганига эътибор қаратди. Туркманистон ёшларининг замонавий касбларни эгаллаши, рақамли технологияларни ўрганиши давлат сиёсатининг энг устуворликларидан бири саналади.

Туркманистон етакчиси Янги йилдаги нутқида ташқи сиёсатга ҳам етарлича аҳамият қаратди: Туркманистон бу борада нейтрал-ҳуқуқий мақомга таянишини таъкидлаб ўтди.

2020 йилда Туркманистон нейтралитетининг 25 йиллиги кенг нишонланди.

Президент Гурбангули Бердимуҳамеов янги йилда Туркманистон мустақиллиги эълон қилинганига 30 йил тўлишини эсга олди.

“Биз давлатимиз суверен ривожланишининг ушбу шонли санасини тарихий воқеалар ва байрам тантаналари билан белгилаб, кенг нишонлаймиз”, деди у.

Қозоғистон: биз янги чақириқларга қарши тура олдик!

Қозоғистон Президенти Қосим Жомарт Тўқаев Янги йил кириб келиши арафасида йўллаган табриги аввалида 2020 йил энг оғир синовлар, драматик ҳодисалар содир бўлган йил сифатида тарихда қолишини қайд этди.

Аммо, Тўқаевнинг айтишича, умумий уринишлар билан иқтисодни синишдан сақлаб қолишга муваффақ бўлинган.

Ишлаб-чиқариш қишлоқ хўжалиги соҳаларида яратувчанлик салоҳияти сақлаб қолинган.

“Биз янги чақириқлар ҳужумига дош бердик. Қатъийлик ва ҳамжиҳатликни намоён этдик, энг қийин шароитларда нафақат кундалик вазифаларни ҳал қилиш, балки мамлакатнинг изчил ривожланишини таъминладик. Шундай экан, халқимиз ушбу қийин йилда эришган ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланиши мумкин”, деди Тўқаев.

Президент сўзларига кўра, қозоғистонликлар шунчаки навбатдаги янги йилга қадам қўймаяпти. Янги дунё, янги даврга қадам қўйилмоқда. Мавжуд барча қийинчиликларга қарамай, Қозоғистон келажакка ишонч билан қарамоқда ва фақат олдинга ҳаракатланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг