Мактабларда ўқиш 3 босқичда бошланиши ростми? ХТВ изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда умумий ўрта таълим мактаблари очилиши ҳақида турли хабарлар тарқалди. Унда 1-4 ва 11-синфлар 2 сентябрдан, 3-7 ва 9-синфлар 20 октябрдан, 5-8 ва 10-синфлар 5 ноябрдан мактабга боради дейилган.

Мазкур хабарлар рост ё ёлғонлигига аниқлик киритиш учун Халқ таълими вазирлиги Матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғландик. У бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

“Мактаблар бўйича якуний қарор қабул қилинмади. Тарқалаётган маълумотлар “фейк”. Биз бундай маълумот бермадик”, деди ХТВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, ўқув йилини бошлаш бўйича 3 та сценарий таклиф қилинган. Улар ўрганиб чиқилади ва якуний қарорни Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қабул қилади.

“Биз, вазирлик ўқув йилига ҳар учта сценарий бўйича тегишлича тартибда тайёргарлик кўряпмиз. Уларнинг қай бири маъқул кўрилиши бўйича бизда маълумот йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўрганишлари хулосасига кўра, Республика махсус комиссияси рухсат берса, маълум бўлади”, деди Лайло Рустамова.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги ўз ваколатидан келиб чиқиб, ўқув йилини бошлаш бўйича қуйидаги учта сценарийни таклиф қилгаан

1-сценарий: Пандемия ҳолати барқарорлашиб, мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини бошлайди. Халқаро тажриба мактаб ёшидаги болаларга касаллик кам ҳолатда юқишини, болалардан катталарга юқиш хавфи ҳам камлигини кўрсатмоқда.

2-сценарий: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда болаларда вирус кечиши бўйича хулосаси ижобий бўлмаган тақдирда таълим онлайн тартибда давом эттирилади.

3-сценарий: Гибрид сценарий бўлиб, мактаблар очилади. Фаолият маълум бир ҳудуд ва мактабдаги карантин ҳолатидан келиб чиқиб олиб борилади. Бунда, дастлабки босқичда фарзанди саломатлигидан хавотир олган ота-оналарга болани уйда онлайн ўқитишга имкон берилиши кўзда тутилган, яъни боланинг мактабга давомати эркин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ХТВ

Баҳолаганлар

775

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг